Welcome to Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ЁШЛАР БИРЛАШМАГА КЕЛДИ мақсад нима?

Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси катта мажлислар залида энергетика ходимлари касаба уюшмаси тармоғи ёш ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда касаба уюшмасининг ёшлар манфаати йўлида амалга ошираётган ишлари ва бу имтиёзларнинг ҳаётда нечоғлик акс этаётгани масаласи ўртага ташланди.
Одатда, бирор уюшма ёки ташкилотга ихтиёрийлик асосида бирлашилгандан кейин, унинг фаолиятини назорат қилиш, ҳисоб сўраш табиий ҳисобланади. Ёш энергетиклар ҳам касаба уюшмаси ва унинг атрофидаги масалаларга аниқ жавоб олмоқчи бўлишди.
Ходимларни қизиқтирган асосий масала мажбурий меҳнат ва унинг элементларига бориб тақалди.
– Аввало, қандай шароит ва асосдаги меҳнатимиз мажбурий меҳнат бўлишини ажратиб олишимиз керак, – дейди саволларга жавобан Бирлашманинг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш бўлими мудири Анвар Дўлмонов. – Бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажартириш мажбурий меҳнат, ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида; фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда; суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан; қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди. Масалан, бир йилда икки ёки уч бора республикамиз бўйлаб хайрия, экологик ҳашарлар ўтказилади. Унда юртдошларимизнинг аксарият қисми ўз ҳиссасини қўшади: кўчалар супурилиб, ариқлар тозаланиб, чиқиндилар ташиб чиқарилади. Бу меҳнатимизда мажбурийлик элементи йўқ. Бироқ меҳнат шартномасида ўқувчига дарс бериши ёки беморни даволаши кўрсатилган, иш ҳақи айни шу учун бериладиган ходимни бирор тазйиқ асосида ёки устунликдан фойдаланиб, бошқа ишни қилишга йўналтириш мумкин эмас. Шундай ҳолатга гувоҳ бўлсангиз, биринчи галда бошланғич касаба уюшмасига мурожаат қилишингиз тавсия этилади.
– Айни кунларда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамаси кетмоқда. Ваҳоланки, жамоат ташкилотининг фаолиятини тартибга солувчи “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун мавжуд эди-ку!
– Замон ривожлангани сари ижтимоий шарт-шароит ҳам ўзгариб бораверади, – дейди бирлашманинг Юридик бўлими мудири Баҳром Раҳимбердиев. – Қонунчиликда ҳам шундай. Амалдаги қонуннинг таҳлили мамлакатни модернизация қилиш жараёнида замонавий бозор муҳитида юзага келаётган муносабатларни тартибга солинмаганлигини кўрсатмоқда. Қонунда белгиланган касаба уюшмаларини тузиш, рўйхатга олиш ва фаолиятини таъминлашга доир қоидалар собиқ иттифоқ давридаги ҳуқуқни қўллаш амалиётига мослаштирилган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш асносида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш ва имтиёзларни кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида амалдаги қонунларда номувофиқлик юзага келмоқда, қолаверса, касаба уюшмалари фаолиятининг меҳнат-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асослари тўлиқ қамраб олинмаган эди. Янги қонун лойиҳасида касаба уюшмаларида инспекциялар фаолиятини ташкил этилиши ҳам олға сурилмоқда.

Мулоқотнинг очиқлигидан фойдаланиб ёш ходимлар нафақат ўз корхоналари мисолида, балки меҳнат билан боғлиқ бошқа масалаларда ҳам бирлашма мутахассисларидан батафсил жавоб ва тушунтиришлар олишди.
Хусусан, “ТЕМП – 2019” Халқаро касаба уюшмалари ёшлари Форуми натижалари, унда иштирок этиш шартлари ҳақида билдирилган қизиқишларга Бирлашма раисининг Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Алихон Акрамов жавоб берди. Ёшларни қизиқтирган масалалардан яна бири “Касаба уюшмага аъзоларида ҳам хорижий тажрибани хорижнинг ўзида ўрганиш имкони борми?” деган мавзу бўлди. Бу ҳақда А.Дўлмонов, А.Акрамов ўз фаолиятлари, хорижга қилинган хизмат сафарлари мисолида кенг тушунтириш беришди.
Бу каби очиқ мулоқотлар вилоятнинг ҳар бир туманида, йирик бошланғичларда давом этиши белгиланган.

Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!