Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ҚУВОНЧ БИЛАН БОШЛАНМОҚДА

Байрамлар яхшида. Ўйин-кулгу, болалар шодлиги сабаб қалбингиздаги ғуборлар ариб кетади. Шунинг учунми тантана кунларини ҳаммадан ҳам кўпроқ болалар орзиқиб кутишади. Айни пайтда Наманган вилоятининг барча ҳудудларида янги йил тантаналари қувончларга йўғрилган ҳолда давом этмоқда.

Янги йилни кутиб олиш билан боғлиқ маданий тадбирлар учун барча туманлардаги касаба уюшмалари томонидан  52 млн. 600 минг сўм маблағ сарфланди.

Байрам баҳонасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тизимида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, ҳозирда нафақада бўлган 52 нафар  фахрий ҳолидан хабар олинди. Барча туманларда болажонларнинг қишки таътил кунларини мароқли ўтказиш мақсадида туман марказларида улар учун ажойиб арча байрами тадбири ташкил этилди. Хусусан, Уйчи туманидаги 13-болалар мусиқа мактаби ҳамда туман маданият саройида маданий тадбир ташкил этилиб, тадбир сўнгида 500 нафар болалар учун 1 млн 800 минг сўмлик янги йил байрами совғалари тарқатилди.  Учқўрғон, Чортоқ туманларидаги тармоқ кенгашлари томонидан  ўтказилган маданий тадбирларда 450 нафар болаларга 5 млн. сўмлик байрам совғалари ташкил этилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари тармоқ кенгашлари томонидан ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар фарзандлари, ота-онасиз қолган болалар ҳамда Мустақиллик йилларида юртимиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида қурбон бўлганларнинг фарзандлари учун 3150 та совғали байрам чипталари ташкил этилди.

Вилоят Алишер Навоий номидаги  мусиқали драма театрида намойиш этилаётган “Сеҳрланган арча” эртак-томошасига 5150 нафар болажон учун имтиёзли чипта тарқатилди ва бу мақсадлар учун 10 млн. 300 минг сўм маблағ сарфланди.

Қишки таътил кунларига мўлжалланган байрам қувончлари узоқ вақт болажонлар ёдида қолиши, шубҳасиз.

 

Дилдора РАҲМОНОВА,

«Ishonch» мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!