Welcome to Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ҲАВФСИЗ ШАРОИТДА БАХТСИЗ ҲОДИСА БЎЛМАЙДИ

Ҳар бир ходим фаолияти давомида ўз меҳнати муҳофазаланишини, ҳавфсизлиги таъминланишини хоҳлайди. Шунингдек, у ишлаб турган вақтда меҳнат муҳофазаси борасида иш берувчидан ҳавфсизлиги таъминланишини талаб қилишга ҳам ҳақлиги эканлигини билиши зарур.
Айни пайтда иш берувчи ҳам янги ишга кирган ходимни иш бошлашдан аввал “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида” ги йўриқнома билан таништириши, ходимни иш жараёнида юзага келадиган ҳавфдан огоҳ этишни ёддан чиқармаслиги керак. Акс ҳолда иш жараёнида кўнгилсиз воқе юз бериши, табиий.
Жорий йилнинг март ойида Наманган вилояти, Учқўрғон туманидаги “Учқўрғон ёғ” АЖ га қарашли кунжара сақлаш ва қайта ишлаш цехининг ишчиси Ботиржон Идрисовнинг устига кўп миқдорда кунжара уюми тушиб кетиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Ушбу бахтсиз ҳодиса сабабли бугун бир оила ўғлидан, бир аёл ва бола боқувчисидан маҳрум бўлди.
Текширувларга кўра, “Учқўрғон ёғ” АЖ раҳбарияти томонидан иш жойида ҳавфсиз меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, корхонанинг кунжара цехида технологик жараёнлар учун қўлланмалар ишлаб чиқилмаганлиги, ҳавфсизлик йўриқномалари давлат тилида ёзилмаганлиги, ходимларни саноат ҳавфсизлиги бўйича ўқитиш, йўл-йўриқ кўрсатиш ва билимларини синовдан ўтказиш дастури ишлаб чиқилмаганлиги, тегишли жиҳозлар ишчи ҳолатда эмаслиги, кунжара сақлаш омбори авария ҳолатида эканлиги оқибатида ушбу бахтсиз ҳодиса юзага келганлиги маълум бўлди. Юқорида кўрсатиб ўтилган қоида талабларини бузганлиги учун “Учқўрғон ёғ” АЖ ишлаб чиқариш директори Саноат ҳавфсизлиги давлат қўмитаси Наманган ҳудудий бошқармаси бошлиғи ваколати билан жаримага тортилди. Аммо бу билан иш вақтида ҳалок бўлган бир йигитни ҳаётга қайтариб бўлмаслигини барчамиз яхши биламиз.
-Меҳнат муҳофазаси юзасидан ўрганишлар, касаба уюшмасининг бу борадаги тавсиялари баъзан айрим иш берувчиларга шунчаки қоғозбозликдек туюлади, – дейди бу борада Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Мирзанозир Қорабоев, – Бироқ бу ишларнинг ортида ходимларнинг ҳавфсиз ҳаёти, оилаларнинг тотувлиги бутунлиги туради. Чунки бахтсиз ҳодиса туфайли шикастланишнинг ёки ўлимнинг ўрнини биргини суғурта пули билан (агар ўша ходим мажбурий суғурта қилинган бўлса) тўлдириб бўлмайди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2009 йил 24 июндаги “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида” ги Қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, ходим ўз меҳнати вазифалари бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқа хил тарзда шикастланиши сабабли саломатлигига етказилган зарарнинг бир йўла тўлаб бериладиган товон пулини иш берувчи томонидан эмас, балки суғурта қилган ҳолатда суғурта компанияси томонидан тўланиши кўзда тутилган.
Юқорида айтиб ўтилган бахтсиз ҳодиса туфайли, касаба уюшмаси аралашуви билан вафот этган ходим Ботиржон Идрисовнинг оила аъзоларига “Кафолат суғурта компанияси” АЖ Наманган вилояти филиали томонидан жами 176 миллион 498 минг 527 сўм миқдорида суғурта пули ундириб берилди. Тўғри, бу ўринда моддий тўловлар билан вафот этган инсонни ортига қайтариб бўлмайди, бироқ унинг ортида қолган зурриёдини соғлом ҳаёт кечиришга, яхши билим олишига, юртга садоқатли инсон бўлиб вояга етишида бир оз туртки бўлса ажабмас.
Бугунги кунда касаба уюшмаларининг устувор мақсади, энг аввало, ходимни муносиб ва ҳавфсиз меҳнат шароитлари билан таъминлашдир. Хусусан, бу борада 2016 йил 22 сентябрдаги “Меҳнатни муҳоваза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинганлиги касаба уюшмаларининг ваколатларини янада кенгайтирди. Қонунда жамоавий ҳимоя воситалари, зарарли ишлаб чиқариш омили, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса, касб касалликлари, меҳнатда майиб бўлиш, ноқулай ишлаб чиқариш омиллари, шахсий ҳимоя воситалари каби тушунчалар моҳияти кенг шарҳлаб берилган.
Шунингдек, ушбу қонунда касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари анча кенгайганлиги эътиборга лойиқ. Эндиликда касаба уюшмаларининг олдида турган галдаги асосий масала бу қонунга мувофиқ ходимларга яратилаётган меҳнат шароитларини ижтимоий ҳамкорлар билан биргаликда назорат қилиш, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига ўз вақтида камчиликларини кўрсатиб, жойида бартараф этилишига эришишдир. Зеро, ходим ҳавфсиз шароитда ишласагина, бахтсиз ҳодиса бўлмайди. Унинг олдини олиш учун эса иш берувчи, ходим ва касаба уюшмаси бирдек масъул.

Мирзанозир Қорабаев,
Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари
Бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Орзугул РУСТАМОВА, “ISHONCH”

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!