Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ЭЗГУЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛГУСИ!

Дунёнинг шундай       давлатлари борки, у ерда муайян ҳуқуққа эга бўлиш учун нодавлат ташкилотлар йиллар давомида тер тўкишади. Қайсидир даражада бой беришлар, йўқотишлар эвазига мақсадга эришишади. Бизнинг умуминсоний қадриятларни ҳамиша олға сурувчи давлатимизда эса бунинг мутлақо акси: инсон қадри, фуқаролар манфаатини ифодаловчи ҳар қандай воқеликка ижобий ёндашилиб, кенг йўл очиб берилади.

Жумладан, 1992 йилда қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимиздаги нуфузли жамоат ташкилоти учун кенг эркинлик ва имконият эшикларини очди. Ўтган йиллар давомида Конституциямиз, мазкур қонун, шунингдек, бир қатор қонуности ҳужжатларида кўзда тутилган нормалар фаолиятимизни янада ривожлантиришга, ишчи-ходимларнинг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини изчил равишда ҳимоя этишимизга шароит яратиб берганлигини эътироф этиш ўринли. Аммо замон тараққий этгани сари ҳаётимизда ҳам, кундалик фаолиятимизда ҳам янгиликлар, мутлақо юқори босқичдаги ўзгаришлар пайдо бўлиб бормоқда. Мазкур эврилишларни қонунчиликда акс эттириш эса давлатнинг ҳуқуқий механизмларини янада умрбоқий эттиришга хизмат қилади.

Айни шу асос, ижтимоий шароит «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритишни тақозо этди. Ушбу қўшимча ва ўзгаришлар ташкилотимизнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги масъулиятини янада оширади. Шунингдек, касаба уюшмаларининг янада ривожланиши учун зарур ҳуқуқий базани яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш имконини беради.

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун нафақат қонунчилик соҳасида олға босилган яна бир муҳим қадам, балки касаба уюшмаларига давлатнинг юксак эътибори, ишончи, ташкилотнинг янада ривожланиши учун яна бир ғамхўрлик воситасидир. Зеро, амалдаги Қонунга киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар ташкилотимиз фаолиятига доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, Қонуннинг амалда қўлланиш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган эскирган нормалар, қоидалар ва нуқсонларни бартараф этишга, фойдаланилаётган тушунчалар ва атамаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга, Қонуннинг айрим нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланмоқда. Касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланиши муносабати билан ишдан озод этилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланди. Бу эса, табиийки, ташкилотимиз ва унда ишловчи ҳар бир фаолнинг ижтимоий мавқени мустаҳкамлаш билан бирга, масъулият, Ватан равнақига дахлдорлик туйғуларини янада оширади.

 

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!