Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

Суғурта афзалликлари

Меҳнат муҳофазаси юзасидан ўрганишлар, касаба уюшмасининг бу борадаги тавсиялари баъзан айрим иш берувчиларга шунчаки қоғозбозликдек туюлади. Бироқ бу ишларнинг ортида ходимларнинг хавфсиз ҳаёти, оилаларнинг тотувлиги, бутунлиги туради. Чунки биргина бахтсиз ҳодиса туфайли шикастланишнинг ёки ўлимнинг ўрнини суғурта пули билангина тўлдириб бўлмайди. Чунки оила аталмиш қўрғонда кўплаб муносабатлар моддийлик эмас, маънавий ришталар асосига қурилади. Болаларнинг “Отам қачон келади?” ёки “Нега қўлингиз (ёки оёғингиз) бундай?” тарзидаги ажабланишли саволларига жавоб беришдан оғири йўқ. Бу манзараларнинг олдини олиш учун бор-йўғи хавфсиз иш ўрни яратишнинг, ходим эса бу борадаги қоидаларга тўлиқ риоя қилишининг ўзи кифоя.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” тўғрисидаги 177-сонли қарори қабул қилинган. Қарорнинг асосий тушунчаларидан бири, ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлигининг бошқа хил тарзда шикастланиши муносабати билан саломатлигига етказилган зарарнинг бир йўла тўлаб бериладиган товон пулини иш берувчи томонидан эмас, балки суғурта қилинган холатда суғурта компанияси томонидан тўлаб берилади. Яъни, суғурта иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасига асосан шундай йўл тутилади.
Мазкур қонунда белгиланганидек, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ходиса ходимнинг ногиронлигига ёки ўлимига сабаб бўлса, жабрланувчи ёки вафот этган ходим қарамоғидаги меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Шунингдек, вояга етмаган болаларига ва бошқа зарар ундириш ҳуқуқига эга шахсларга маълум муддат давомида хар ойлик тўловлар амалга оширилади.
Бундай ҳолларда иш берувчининг харажатлар миқдори анча катта маблағни ташкил этиши табиий. Мисол учун, “Учқўрғон ёғ” акциядорлик жамиятининг кунжара сақлаш ва қайта ишлаш бўлими ишчиси бахтсиз ходиса оқибатида воқеа жойида халок бўлди, унинг оила аъзоларига суғурта компанияси томонидан қонунда белгиланган тартибда бир йўла тўланадиган нафақа миқдори 88,5 млн сўмни ташкил этди, яъни ходимнинг турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзанди учун ҳар бирига 44 млн. сўмдан зиёд, ойма-ой тўланадиган маблағнинг миқдори эса 88 млн. сўмга яқин маблағни ташкил этди, жами 176 млн. сўмдан зиёд маблағ суғурта пули сифатида ажратилди.
Тўғри, моддий тўловлар билан вафот этган инсонни қайтариб бўлмайди, бироқ, инсоннинг ортида қолган зурриёдини соғлом хаёт кечиришига ва яхши билим олиб юртимизга садоқатли фарзанд бўлиб етишига бироз бўлсада хисса қўшса ажаб эмас.
Демак, ҳар бир иш берувчи ўз ходимларини мажбурий суғурта қилдиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Юқоридаги қонун асосида суғурта қилдирмаган корхона ташкилот ва муассаса раҳбарлари қонунда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиладилар.
Мирзанозир Қорабаев,
Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари
Бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!