Жамоа шартномаси ижроси ходимнинг кайфиятида акс этади
- Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика Инкассация хизмати давлат унитар корхонаси Наманган вилоят бошқармасида 2017-2019 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда 2017 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси раисининг ҳисоботлари тингланди.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур ташкилот “Энг намунали бошланғич ташкилот” Республика танлови совриндорларидан. Ютуқлар ҳам, табиийки шунга яраша.
Бошкармада 176 нафар ходим меҳнат қилади. Йил давомида ҳар бир ходимнинг меҳнати муносиб равишда тақдирлаб борилди. Маошдан ташқари ходимларнинг барчасига 1 млрд. 525 млн. 446 минг сўм микдорида ойлик мукофот тўловлари, 812 млн. 364 минг сўм микдорида байрамлар муносабати билан бир марта бериладиган мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришлар амалга оширилди. Жамоа шартномасига кўра, йил давомида иш якуни бўйича, узоқ муддат ишлаганлик учун, юбилей саналарда рағбатлантиришлар амалга ошириладики, ишловчиларнинг фидойилик билан меҳнат қилишига асос бўлмоқда.
Инкассатор ва ҳайдовчилар меҳнат қонунчилиги ва Марказий банкнинг 668-сонли йўриқномаси талабларига асосан белгиланган жадвал ва рўйхат асосида йилда бир марта иш берувчи ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, бевосита қимматликларни ташиш ва нақд пул тушумини инкассация қилиш ишида қатнашувчи ходимлар хизмат кийимлари, пойабзал ва аслаҳа-анжомлар билан бепул таъминлаб борилмокда.
Ўтган йил давомида меҳнатни мухофаза қилиш, ходимларнинг саломатлигини таъминлаш, махсус кийим, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситаларини харид килишга 81,9 млн.сўм маблағ сарфланди.
– Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси бир-бирини тўғри тушунган, қўллаб-қувватлаган корхонада ҳар доим соғлом маънавий муҳит, ишчанлик кайфияти ҳукмрон бўлади, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Нодира Абдураҳимова. – Ходимларнинг манфаати тақозо қилган ҳар қандай масалада раҳбаримиз ҳам бизни қувватлайдилар. Ходимлар билан меҳнат шарномаси тузилганда ёки бекор қилинганда, касаба уюшмаси қўмитаси хабардор этилади.
Байрам тадбирларини нишонлаш, спорт мусобақаларини ўтказиш, ёзги соғломлаштириш мавсумини фарзандлар учун ўзига хос совғага айлантиришдан ташқари, касаба уюшмаси томонидан яна қатор ижтимоий лойиҳаларга қўл урилмоқдаки, бу ишловчиларнинг кайфиятига ижобий таъсир этмай қолмаяпти. Жамоада узоқ йил самарали меҳнат қилган ҳамда юбилей ёшига етган меҳнат фахрийларидан беш нафарига қўмита томонидан пул мукофотлари тақдим этилди. Иш берувчи томонидан ҳам қутлуғ ёшдаги ҳамкасблар бир мансаб маоши миқдорида рағбатлантирилди.
Эзгу ишлар кўп, уларни санаш билан адоғига етиб бўлмайди. Аммо қоғоздаги рақамлар ҳар қанча жимжимадор бўлмасин, ходимлар ҳаётида, кайфиятида бу акс этмаса, касаба уюшма фаолиятини ижобий баҳолаб бўлмайди. Йиғилиш давомида сўзга олганларнинг барчаси қўмита фаолиятига баҳо бераркан, доимий равишда ходим манфаатини олға суришини кўп бора таъкидлашди. Аъзолар жамоат ташкилотидан рози, демакки, унинг эзгу қадамларини ўз фаолиятлари мисолида ҳис қилишмоқда.
Насиба ГАФАРОВА,
Давлат муассасалари ва жамоа хизмати ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар кенгаши раиси
Д.Раҳмонова тайёрлади.