Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ЯНГИ ҚОНУН ТАКОМИЛЛАШУВГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ҳар бир ходим фаолияти давомида ўз меҳнатининг муҳофазаланишини, хавфсизлиги таъминланишини истайди. Касаба уюшмаларининг устувор мақсади ҳам шу: ишчи-ходимга муносиб меҳнат шароитларини таъминлашдан иборатдир.

Бу борадаги фаолиятимизни янада изчиллаштиришда ҳуқуқ ва ваколатларимизнинг қонуний асослари такомиллаштирилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинганлиги касаба уюшмаларининг ваколатларини янада кенгайтирди, десак ўринлидир.

Қонун Вазирлар Маҳкамаси, Меҳнат ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, жойлардаги давлат ҳокимиятининг ваколатларига ҳамда меҳнат муҳофазаси соҳасида давлат ва хўжалик бошқарувига аниқлик киритди. Шунингдек, мазкур ҳужжатда касаба уюшмаларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилганлиги фаолиятимизни янада чуқурлаштиради.

Қонунда меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ асосий тушунчаларнинг кенг шарҳлаб берилганлиги соҳадаги ривожланишга хизмат қилади. Жумладан, жамоавий ҳимоя воситалари, зарарли ишлаб чиқариш омили, иш ўрни, ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса, касб касаллиги, меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнатда майиб бўлиш, ноқулай ишлаб чиқариш омиллари, хавфли ишлаб чиқариш омили, шахсий ҳимоя воситалари каби тушунчалар моҳияти кенг шарҳлаб берилган.

Аввалгидек, Қонун 50 ва ундан ортиқ ҳодимларга эга бўлган ташкилотларга меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини жорий этиш ёки махсус тайёргарликдан ўтган мутахассисни ишга олиш талабини олдинга суради. Аммо энди унинг вазифаларини шатнома асосида жалб қилинган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари бўлган юридик шахслар амалга ошириши мумкин. Уларга бўлган талаблар ва ягона реестрни юритиш тартиби Ҳукумат томонидан белгилаб берилади. Ҳужжат ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бошқаруви тизимининг аудити механизми баҳоланишини жорий этади. У иш берувчининг қарори билан ўтказилади ва шартнома асосида юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Қонунда меҳнат шартларига кўра вақти-вақти билан аттестация қилинадиган (5 йилда 1 маротабадан кам бўлмаслиги керак) иш жойлари рўйхати белгилаб берилди. Улар: меҳнат шартларига кўра имтиёз ва компенсация тўланадиган ишчи ўринлари; ногиронлар учун ишчи ўринлари;

ташкилотлар, муассасалар рўйхатларида кўрсатилган – имтиёзли равишда нафақага чиқиш имконини берувчи иш, касб-ҳунар, лавозим ва кўрсаткичларга эга ишчи ўринлари; хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги ишчи ўринларидан иборат.

Шунингдек, касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофа қилиш соҳасидаги ваколатлари янада кенгайганлигини 16-, 23- ҳамда 31-моддаларда кўришимиз мумкин. Хусусан, «Меҳнатни муҳофаза қилиш учун иш берувчи томонидан маблағлар ажратиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамғармаларни ташкил этиш ва уларнинг маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси иштирокида» белгиланиши 16-моддада қайд этилган бўлса, «Иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари» деб номланган 23-моддага «меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларга, шунингдек касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига уларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати, бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текшириши юзасидан назоратни, текширишни ва мониторингни амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни тақдим этиши» киритиб ўтилган.

Мазкур Қонуннинг 31-моддасида эса касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, касаба уюшмалари ташкилотларнинг раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва муҳофазаси тўғрисида, шунингдек ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари ҳақида ахборот олиш;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш;
ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишларини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритиш ва бошқа қатор ҳуқуқларга эга бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун ҳам мазмун-моҳияти билан соҳамизни тараққий эттиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бунинг учун биздан қонун талабларига қатъийлик билан амал қилиш, унинг барча бўғинларда ишлаш механизмини таъминлашимиз талаб этилади.

 

Мирзанозир ҚОРАБОЕВ,

Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!