ЎЗИМИЗНИНГ ГАЗЕТАДА ЎҚИЙСИЗ!
- Янгиликлар
Яқин ўтмишда газета ва журналлар одамларнинг нафақат янгиликка бўлган эҳтиёжини қондирган, балки саводхонлик даражасини юксалтирувчи манбаа вазифасини бажарган. Фарзандига тўғри ёзишни ўргатаётган ота-она имло луғатидан ҳам олдин газета саҳифаларини варақлаган. Охирги пайтларда “Ишонч” газетаси мана шу мақомни қайтаришга эришмоқда. Ташкилотимиз абонент қутисига кўплаб нашрлар келади. Асосий қисмимиз “Ўзимизнинг газетаям борми?” деб сўрайди. Гап “Ишонч” ҳақида кетмоқда.
Айни шу ўзимизнинг газета ва “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган “Ижтимоий ҳимоя сўзда эмас, амалда бўлиши керак” сарлавҳали суҳбат-мақола эълон қилинди. Долзарб масалалар кўтарилган мазкур суҳбат касаба уюшма ташкилотларининг бошланғич бўғинларида ўқиб ўрганилмоқда. Зеро, мақолада ҳақли таъкидланганидек, “…асосий ишлар меҳнат жамоаларида, яъни заводлар, шахталар, фермалар, касалхоналар, мактабларда амалга оширилади”.
Мақолада бугунги касаба уюшмасининг “йўл харитаси”ни кўрсатиб бера оладиган кўплаб устувор фикрлар берилганлиги касабақўмларга айни муддао бўлди. Хусусан, аъзоликка жалб этишдаги муаммолар, мажбурий меҳнат элементларини бартараф этиш босқичлари, иш вақти меъёрларини қатъийлаштириш борасида касаба уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар ҳақидаги мулоҳазалар кўпчиликка маъқул бўлмоқда.
Шахсан ўзим куратор сифатида Норин туманидаги кўплаб бошланғичлардаги муҳокамаларда иштирок этдим. Касаба уюшмасидан фақатгина оромгоҳ ёки санаторийга йўлланма олишда фойдаланувчи қатламнинг фикрини тубдан ўзгартирувчи мақолани кўпчилик ўқиётгани, бир-бирига тавсия қилаётганининг гувоҳи бўлмоқдаман. Бу эса матбуот орқали тез-тез мана шундай чиқишлар қилиб туриш касаба уюшма аъзоларига фойдали эканлигини кўрсатмоқда.
* * *
Баъзан кўча-кўйда “Касаба уюшмасида ишлайсизми? Ўзи нима иш қиласизлар?” ёки “Шунча ишловчидан йиғиладиган аъзолик бадалини нимага ишлатасизлар?” деган савол беришади. Бироз қитмир, айни дамда одамнинг қитиқ патига тегадиган сўроқ. Шундай кишиларга “Чиндан билишни истасангиз, сизга газетанинг мана шу саҳифаси кифоя!” дея жавоб қайтаргулик мана шундай мақолаларни газета ижодкорларидан кутиб қоламиз.
Мирзанозир ҚОРАБОЕВ,
Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири
Д.Раҳмонова тайёрлади.