Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати
- Янгиликлар
ЎТМИШДАН ИБРАТ, БУГУНДАН ҒАЙРАТ
олаётган авлодлар учрашуви
Жамият ҳаётида шундай тарихий ҳодисалар юз берадики, вақт ўтган сари уларнинг аҳамияти, инсонлар онгидаги қадр-қиммати ортиб бораверади. Ватанимиз тарихи зарварақларидаги энг асосий битик — Истиқлол билан боғлиқ туйғулар борасида ҳам айни фикрни билдириш мумкин.
Шунинг учун ҳам ҳар йили эрк тўйи тантаналари ўзгача кайфият, ўзгача шукуҳ ва ўзига хос шиор асносида ўтказилмоқда. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида бошлаб юборилган тадорик ишлари шаҳардан ташқаридаги оромгоҳларда дам олаётган болажонлар билан ҳам юқори савияда ташкиллаштирилмоқда.
Жумладан, 15 июнь куни шаҳардан ташқарида жойлашган болалар оромгоҳларида вилоятда ижод қилиб келаётган шоир, ёзувчилар, фан ва маданият арбоблари ёш авлод вакиллари билан учрашишди.
Учрашув иштирокчилари болаларга мустақиллик йилларида аҳолимиз, жумладан, ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида гапириб беришди. Юртимизда ҳукм сураётган осойишта ҳаёт, турли минтақаларда хавф-хатар кучайиб бораётган замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифа экани, Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани ҳамда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижасини ёшларга етказишга алоҳида эътибор беришди.
Ҳар бир оромгоҳда ўтказилган тадбирлар болажонларда катта таассурот қолдирди.
- Бугунги авлоднинг кечаги кун ёшларидан фикрлаши ва дунёқараши борасида жуда катта фарқланиш борлиги барчамизни хурсанд қилди, — дейди “Норин” болалар оромгоҳида ташкил этилган учрашувда иштирок этган шоира Дилбар Ҳайдарова. — Уларнинг тафаккури чархланганлиги, яратилаётган шароит ва имтиёзлар Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон маъводагина мавжудлигини англашаётгани катта ютуғимиздир.
- Бугунги тадбирдан мен кўп нарса ўргандим, айниқса НамДУ ўқитувчиси Бекзод Саримсоқовнинг болалари бахтиёр давлатга муносиблик ҳақидаги фикрлари, насиҳатлари менда янги-янги фикрларни уйғотди, — дейди дам олувчи Одина Баҳодирова.
Бу каби учрашувлар оромгоҳларнинг навбатдаги босқичларида ҳам ташкиллаштирилиши кўзда тутилган.
Бирлашма мутахассиси
Н.Мамаюсупова