Ўз касбининг моҳир эгалари муносиб тақдирландилар
- Янгиликлар
Мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, барча тармоқларда фаол меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кун ҳар биримизнинг олдимизга фидокорлик ва садоқат билан ишлаш талабини қўймоқда. Қай лавозимда бўлмайлик, қай соҳада ишламайлик, сидқидилдан меҳнат қилишимиз шарт.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Ўз касбининг моҳир эгалари” тадбири турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатаётган, фидокорона меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, ўз соҳасида юқори натижаларга эришаётган замондошларимизни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2016 йил 25 октябрь куни Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасида “Ўз касбининг моҳир эгалари” ғолибларини тақдирлаш тадбирининг вилоят босқичи ўтказилди. Тадбирда вилоят хокимлигининг котибияти мудири А.Абдурахманов, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда йиллар давомидаги самарали меҳнати, давлатнинг кадрлар борасидаги сиёсатини тўғри англаганлиги, уни ўз фаолиятида қўллай билиб, ёшларга ўргата олганлиги, шогирдларини ҳам ўзи каби изланувчан, ташаббускор этиб, ўз изидан эргаштира олганлиги туфайли мазкур номга сазовор бўлган вилоятимизнинг 30 нафар вакилларнинг кўрсатган хизматлари эътироф этилди.
Жумладан, Мингбулоқ туманидаги “Бахтиёр Абдусаламович” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Қодировнинг ходимларига жаҳон андазасига тўғри келадиган шарт-шароитлари ва Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-хунар коллежи директори Аҳмаджон Рахматовларнинг иш фаолиятлари алоҳида қайд этилди.
Наманган шаҳар 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Марғуба Миржалолова- “тадбирнинг қуйи босқичларида жорий йилда таълим, фан, маданият, соҳасида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ўз соҳасида катта тажриба орттирган, ютуқ ва муваффақиятларга эришган 800 нафардан зиёд касбдошларимиз ичидан сараланиб, вилоят босқичига етиб келишнинг ўзи бўлмайди. Мана бугун қилган меҳнатларимиз қадрланиб, юқори бахоланганлигидан хурсандлиги ва тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилини билдирди.
Тадбир иштирокчилари вилоят касаба уюшмаларининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан та тақдирландилар.