Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

УЧМОҚҚА ҚАНОТ БЕРГАН АЗИЗ ВАТАН БУ!

“Ўзбекистон истиқлолининг 26 йиллик тантаналари ҳар бир ҳудудда ўзгача файз, ўзгача қувонч билан ўтказилмоқда. Йигирма олти довон… Истиқлолга тенгдош йигиту қизлар бугун бир оиланинг чароғбони, бегию бекасига айланишга улгуришди. Чақалоқ туғилиб, катта ҳаёт дарёсига қўшилиб мавж уришига етгулик бу фурсатда кўплаб ютуқларга эришдик. Ҳар бир ривожланишнинг ўз тадрижи, ўзига хос шиддати бўлгани каби ўтган йигирма беш йилликнинг ҳам, кейинги бир йил ичида кечган ўзгаришларнинг ҳам халқ қалбидан, ҳаёт тарзи ва дунёқарашидан ўзига хос ислоҳкорона ўрин олаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу, албатта, яхши кунлардан, ёрқин келажак сари собитқадамлик билан илгарилаётганимиздан далолат”.

Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси томонидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилган тадбир вилоят ҳокими Х.Бозоровнинг айни мазмундаги кириш сўзи билан очиб берилди. Вилоят марказидаги “Диёр” тантаналар мажмуасига соҳа фаоллари, касаба уюшма стипендиантлари, электр-маиший техника товарлари бериладиган ёлғиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар, турли корхона, ташкилотларда ишлаб, жорий йилда нафақага чиқаётган ходимлар таклиф этилди.

Дилрабо тароналар янграган, байрам кайфияти барчанинг кўнглини завққа тўлдирган тадбирда даставвал туманларда яшовчи 165 нафар эҳтиёжманд оилалар учун электр-маиший техника жиҳозлари берилди.

  • Мен учун бу совғанинг, тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган байрамнинг қувончи ўзгача бўлди, — дейди Поп туманининг Бирлашган МФЙ да истиқомат қилувчи Анора Шаропова. — Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам далада ишлаб икки қизни вояга етказдик. Ҳозирда кичик қизим, куёвим ва невараларим билан биргаликда яшаймиз. Ҳаётнинг синовлари қизиқ экан: турмуш ўртоғимнинг саломатлиги ёмонлашиб, турмушда бироз қийналдик. Ўзимни ҳам аввалги куч-қувват тарк этган. Бироқ юртбошимизнинг бугунгидек ғамхўрликлари, биз каби оддий одамларнинг ҳам ташвиши билан яшашлари кўнглимизни руҳлантирди. Биргина вилоятимиздан 165 кишининг рўзғорига енгиллик, шароитини яхшиловчи электр жиҳозлар кириб бормоқда. Улардан ҳар фойдаланганда, саховатпеша давлатимизни, унинг фидойи хизматчиларини дуо қиламиз.

Анора опанинг самимий сўзларида заррача ёлғон ёхуд муболаға сезилмайди. Дазмолми, электр чойнакми, кўпфункцияли термосми, хуллас қай совғани олган бўлишига қарамай, барчанинг уйига иссиқлик, қайноқ меҳр-муҳаббат кириб бораётгандек назаримизда.

Ўз соҳасида узоқ йиллик меҳнат қилиб, касаба уюшмаларининг нуфузли тадбирида нафақага кузатилаётган 24 нафар фахрий орасида Ғуломжон Олимов ҳам бор.

  • Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси сифатида 20 йилга яқин меҳнат қилдим, — дейди у. — Бу ташкилотдан ўрганганларим фақат яхшилик, одамларга эзгулик улашиш бўлди. Насиб этса, элу халқ учун ҳамиша хизматга шаймиз. Зеро, яхши кунлари ҳамиша қўшалоқ, меҳнатингиз доимо эътирофга сазовор юрт учун ҳар қанча фидойилик қилсангиз оз. Эътибор беринг-а, истиқлолимиз тантаналари Ийди Қурбон айёми билан тенг нишонланаётир. Бу ҳам Яратганнинг инояти, янги замоннинг дебочасига, ривожланишнинг ўзига хос босқичига ишорадек, назаримда.

Нуронийсига ҳурматда, фарзандига иззатда бўлган халқона удумга кўра, тадбир чоғида олий ўқув юртларининг 7 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд ва иқтидорли талабаларининг ҳар бирига республикада белгиланган энг кам иш ҳақининг олти баробари миқдорида бир марталик касаба уюшмалари стипендияси ажратилиб, уларга сертификат тақдим этилди.

Наманган давлат университетининг филология факультети 3-босқич Муаззам Исомидинова ўз ҳаяжонини шундай ифодалайди:

  • Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовда шундай сатрлар бор:

Қуллуқ қил, демасман, юрт тупроғин ўп,

Унга қуллар эмас, фидолар керак.

Унинг сену мендек шоирлари кўп,

Буюк элга энди даҳолар керак.

Бугунги моддий рағбат бизга айнан илмий изланишларимиз, юрт корига керак инсон бўлиб шаклланишимиз йўлида асқатади, деб ўйлайман. Эндиги мақсадимиз бугунги ишончни оқлаш, “Касаба уюшма стипендиати” сифатида энг яхши кўрсаткичларни қайд этишдан иборат.

Тадбирда, шунингдек, АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари М.Анарбаев, куни кеча «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб кўрилиб, вилоятдошларининг байрам қувончини бир поғона юксалтирган — “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси И.Нажмиддинов ҳам иштирок этди.

 

Дилдора РАҲМОНОВА,

Ishonch” мухбири

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!