ТАЖРИБА АЛМАШИНИЛДИ
- Янгиликлар
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар замирида Президентимиз мамлакат ёшларига бўлган эътибори ва ишончи ётибди деса муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат мамлакатимизда давлат мустақиллиги қўлга киритган илк йиллардан бошлаб ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим устивор йўналишларидан бири янги иш ўринлари ташкил этиш ва у орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини юксалтириш асосий масала ҳисобланади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг аҳолига сервис ва пуллик хизмат кўрсатиш бўйича шахобчалар ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари ва вақтинчалик ишсизларга ҳар бир туман ва шаҳарда 25 тадан янги иш ўринлари яратиш ташаббуси вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан маъқулланди ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 19-20 февраль Наманган вилоятида “Касаба уюшмалари, маҳаллий давлат ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида ёшлар учун иш ўринларини яратиш, кичик бизнес субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни
ташкил этиш бўйича” Республика амалий семинари ўтказилди.
Мазкур семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси, Федерация кенгаши аппартининг масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси,вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси кенгашлари раислари, вилоят хокимининг ўринбосари, вилоятдаги ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар, туман тармоқ кенгашлари раислари, касб-хунар коллежи битирувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинар иштирокчилари Поп, Чуст, Косонсой, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Наманган туманларидаги янги иш ўринларини ташкил этиш, қишлоқ жойларида аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган амалий ишлари билан танишдилар.
Семинарни якуний йиғилишини вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси З.Маҳкамова очди ва олиб борди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Т.Нарбаева сўз олиб, семинар ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, касаба уюшмалари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бу борада амалга ошириладиган келгусидаги вазифаларни белгилаб берди.
Семинарда вилоят хокимининг ўринбосари Н.Хайиталиев, вилоят “Маҳалла” ҳайрия жамғармаси раиси Ш.Кенжаевлар касаба уюшмаларининг ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган намунали ишларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, семинарда агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Наманган туман кенгаши раиси Н.Иброхимов агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши қошидаги шўъба корхонасини ташкил этиш орқали ёшлар учун иш ўринларини яратиш борасидаги иш тажрибаси тўғрисида сўз юритди. Косонсой туманидаги “Сумбула савдо сервис” хусусий корхонасига ишга жойлашган коллеж битирувчи Х.Азимова, Тўрақўрғон туман “Қуймазор” маҳалласида ташкил этилган шахобча ишчиси, коллеж битирувчиси Н.Қосимовалар сўз олишиб, кўрсатган ёрдамлари учун мутасадди ташкилотларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси кенгашлари раислари вилоятда олиб борилган намунали ва самарали ишларга алоҳида тўхталдилар.
Семинарда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш,ҳудуддаги хонадонларда маҳаллий ўғит жамғариш, ариқ-зовурларни тозалаш, дарахтларга шакл бериш ва оқлаш каби ободончилик ишлари алоҳида эътироф этилди.