СЎЛИМ МАСКАНЛАР ҚОРАКЎЗЛАР УЧУН ҚУЧОҚ ОЧМОҚДА
- Янгиликлар
Жорий йилда Наманган вилоятида оромгоҳларда 17250 нафар бола соғломлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Улардан 5400 нафари 8 та стационар турдаги оромгоҳда, 11850 нафари 95 та мактаб ва коллежлар қошида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳларда дам олдирилади. Ўрта маҳсус касб-хунар бошқармаси томонидан 12 та «Меҳнат ва дам олдириш» оромгоҳларида 555 нафар ўқувчи жамланади.
Соҳадаги якуний тайёргарлик ва услубий тавсиялар бўйича “Соҳил” оромгоҳида вилоят семинари ташкил этилди. Унда Бирлашма раиси З.Маҳкамова, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Ортиқов иштирок этди.
4 мавсумда 720 нафар болага қучоқ очишга шайланаётган “Соҳил”да тўгараклар фаолияти намунали тарзда намойиш этилиб, дам олдириш жараёнида хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилиш, болаларни жисмоний ва маънавий шикастланишлардан асраш қоидалари таҳлил этилди. Оромгоҳларда аввал ҳам фаолият юритган ходимлар учун навбатдаги маҳорат алмашиш, янгилар учун тажриба мактаби бўлган ушбу семинар ўзининг амалий аҳамияти билан эсда қоларли бўлди.
¬- Вилоятда 8 та стационар оромгоҳга 114 нафар педагог-тарбиячилар ва 16 нафар тиббиёт ходимлари, 8 нафардан ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари бириктирилди ва ходимларнинг рўйхати шакллантирилди, ¬- дейди Бирлашманинг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Қ.Холбоев. ¬– Уларнинг фаолияти учун керакли услубий тавсиялар, зарур адабиётлар ҳам босма, ҳам электрон шаклда тарқатилди.
Оромгоҳларга бириктирилган шифокорлар учун ўқув-семинарни ташкил этиш бўйича ўқув дастур, тиббиёт ходимлари учун зарур методик қўлланмалар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ўрнатилган тартибга асосан оромгоҳлар етарли миқдордаги дори-дармонлар, илон ва қорақурт захрига қарши зардоблар билан таъминланди.
Оромгоҳларга жалб этиладиган театр, ижодий жамоалар, адиблар, шоирлар, таниқли санъаткорлар, рассомлар, спортчилар рўйхати шакллантирилди ва оромгоҳлар кесимида ташриф жадвалини тасдиқланди.
Шунингдек, барча оромгоҳларнинг электр тизимлари инвентаризациядан ўтказилди, аниқланган камчиликларни бартараф этиб, шаҳардан ташқарида жойлашган оромгоҳларни қўшимча равишда 9 та дизель ёнилғисида ишлайдиган генератор билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Дам олиш масканларимизнинг барчасида кузатув камералари ўрнатилиб, ёнғинни сезувчи ва хабар берувчи мосламалар билан жиҳозланганлиги, электр сим ва кабелларнинг ташқи ҳимоя қобиқлари электр токига қарши чидамлилик даражаси синовдан ўтказилганлиги хавфсизлик борасида амалга оширилган ишлардандир.
Мақсад, болаларни саломат ҳолда қабул қилиб, омонликда ота-онаси бағрига қайтаришдир. Соғломлаштириш ишлари намунали даражада ташкил этилиши, болажонларнинг ҳаётида ўчмас из қолдириши барча ташкилотчиларнинг муштарак ниятига айланган.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири