САРҲИСОБ
- Янгиликлар
Йил якуни бўйича сарҳисоб қилиш барча соҳалар каби касаба уюшмалари тизимида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ташкилот раҳбари ва касаба уюшма қўмита раисининг ишчи-ходимлари олдида йил якуни бўйича жамоа шартномаларини бажарилиши юзасидан ҳисоботи, аввало, ташкилот, корхона ва муассасаларда касаба уюшмасининг қандай ўрин эгаллагани, уларнинг ҳимояси, маданий-маърифий жиҳатдан қандай мавқъеларга эга эканлигини белгилайди.
Шунга кўра тармоқ касаба уюшма қўмитаси томонидан 2020 йил 4 январда “Транспорт, йул ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Наманган вилоят ташкилотларининг Бирлашган касаба уюшма қўмитаси бошланғич касаба уюшма ташкилотларида 2020 йил январ-феврал ойларида умумий йиғилишлар ўтказилиши” бўйича тасдиқланган жадвалга асосан ташкилот ва корхоналарда жорий йилнинг 4 январидан буён феврал ойининг охирги кунларига қадар умумий йиғилишлар ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, шу кунга қадар “Қамчиқавтойўл” ИЙФУК, Поп, Мингбулоқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, Довдуқ саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежларида умумий йиғилишлар ўтказилиб, масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Навбат Тўрақўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонага келган бўлса, бу ерда ҳам жорий йилнинг 4 февралида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни тармоқ касаба уюшма қўмитаси раиси Феруза Эрматова очди ва олиб борди.
Аввало, йиғилишда Ф.Эрматова 2019 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни тўғрисида тушунчалар берилди.
Нотиқ ўз сўзида ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши, шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқликдан иборат эканлиги тўғрисида тўхталди.
Ушбу мавзу савол-жавоблар асносида якунланиб, сўнгра Тўрақўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 2019-2021 йилларга тузилган жамоа шартномасини 2019 йилда бажарилиши бўйича корхона раҳбари Дилшод Сайфиддинов ва касаба уюшма қўмитаси раиси Умида Юлдашеваларнинг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш давомида Абдурашид Мақсудов, Адхамжон Хожиев, Юлдуз Умарова ва Саида Юлдашевалар сўзга чиқишди ва иштирокчилар томонидан касаба уюшмаси фаолиятини қониқарли дея баҳоладилар.
Ҳа, бундай йиғилишлар қолган туманларда ҳам ўтказилади. Чунки, йиғилишнинг ўтказилиши давомида ҳар қандай иштирокчи аввало ўзига берилаётган эътибор ҳамда касаба уюшмасининг ўрнини яна бир карра билиб оладилар.
Феруза ЭРМАТОВА,
Тармоқ касаба уюшмаси Наманган вилояти қўмитаси раиси