ҚОЗОНИНГИЗ ОЛОВЛИ БЎЛСИН!
- Янгиликлар
23“Гугуртга кетиб…” номли машҳур кинокартинани кўрмаган одам бўлмаса керак. Олов олдириш учун гугурт излаб чиққан қаҳрамон саргузаштлари барчага ҳамма даврларда ҳам бирдек ёққан. Барча санъат асарлари, у қайси жанрда бўлмасин, ўзида ҳаёт ҳақиқатини акс эттириши талабини инобатга олсак, комедия кўп тарафлама ҳаётнинг кинога кўчган акси дейишимизга асос бор. Зеро, олови бўлмаган уйда қулай яшашнинг ҳам, таомдан лаззатланишнинг ҳам имкони йўқ. Оч қоринга эса ҳатто қўшиқ ёқмайди.
Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли қарори ижроси сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Раиси топшириғига асосан, республикамизнинг олис, чекка қишлоқлари, хусусан, газ етиб бормаган ҳудудларда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга газ плита ва баллон етказиб бериш йўлга қўйилди. Махсус режага кўра, Наманган вилоятидаги 399 та оилага шундай совға тарқатилди.
Совға тарқатиш жараёни ҳар бир туманда катта байрамга айланиб кетди, десак, муболағага йўйманг. Юртдошларимизнинг миннатдорлик сўзлари, нуронийларнинг эзгу дуолари кимларни руҳлантирмайди дейсиз?
– Ора ариқ маҳалласиданман, – дейди Чортоқ туманидаги тадбирда сўзга чиққан Тоштиллахон Раззоқова. – Фарзандли бўлгач, кўзим кўрмай қолганди. Дард устига чипқон деганларидек, синглим Зулфияхоннинг турмуш ўртоғи ёруғ дунёни эртагина тарк этди. Опа-сингил икковимиз дарддошу елкадош бўлиб яшаб келаяпмиз. Маҳалламизга табиий газ етиб бормайди. Келиним Оқилахон бу совғадан жуда хурсанд бўладиган бўлди. Аёллар газ плитани энг замонавийси деб мақташяпти, баллонини ҳам газ билан тўлдириб қўйишибди. Биз каби ҳожатмандларнинг оғирини енгил қилишни ўйлаётган Президентимизга минг раҳмат. Ватанимизни бундан-да ривожланганини кўриш насиб қилсин ҳаммамизга.
– Бундай улуғ ишларга камарбаста бўлиш касаба уюшмасининг ҳар бир вакили учун саодатдир, – дейди тадбирда иштирок этаркан вилоят КУТБ раиси Шуҳрат Мусаев. – Беш йиллик стратегик мақсадларни амалга оширишда иштирок этарканмиз, мазкур вақт оралиғида юртимизда кам таъминланган оила деган тушунчанинг унутилишига эриша оламиз деган мақсаддамиз. Буни биргина ўтган йилнинг ўзида Чортоқ туманида 96 та оилага 771 млн. 365 минг сўмлик 4 фоизли кредитларнинг ажратилганлиги, ушбу имтиёз ёрдамида юзлаб инсонлар ўз даромад манбаини яратишганини таъкидлаш ўринли. Касаба уюшма фаоллари бу жараённинг бошидан охирига қадар иштирок этишди: имтиёзли кредитга муносиб оилалар рўйхатини шакллантириш дейсизми, банклар томонидан ажратилган маблағни ўз вақтида олинишига эришишми, хуллас, қўлдан келган ёрдам кўрсатилди. Бундан кейин ҳам одамлар манфаати, юрт тараққиёти йўлидаги ишларда бир тану бир жон бўлиб, хизмат қилаверамиз.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири