Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ОБОД ЮРТДА ЮЗ ОЧАР ҲАЁТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий 2018 йилда ҳам тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида кўплаб эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший  шароитлари яхшиланиб, бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан ўзларини таклаб олганлари аён бўлди. Натижада, бир қатор ижтимоий ҳимояталаб оилалар кам таъминланганлик даражасидан чиқиб, кўрсатилган амалий ёрдамлар орқали оилавий тадбиркорлик, касаначилик, кредитлар эвазига ўз бизнесини йўлга қўйиш, шахсий томорқа хўжаликларини юритиш ва улардан самарали фойда кўриш орқали ижтимоий-иқтисодий аҳволлари яхшилангани барчани қувонтирди.

Касаба уюшма фаоллари жорий йил бошида оилаларга ташриф буюриб, улар билан ўтказилган суҳбатлар ҳамда ижтимоий-маиший шароитларни ўрганишлар давомида Президентимиз қарорлари асосида эҳтиёжманд оилаларга кўрсатиладиган амалий ёрдамларнинг манзилли бўлишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Яъни, мулоқотлар давомида ҳақиқатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз яшаётган  ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган оналар аниқланиб, бугунги кунда уларга хонадонларини таъмирлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, уй юмушларини енгиллатувчи маиший техника воситалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишлар Наманган вилоятида ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.

Хусусан, Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан жорий йилнинг шу пайтига қадар аҳоли манфаатлари йўлида қатор тадбирлар, эзгу ҳаракатлар амалга оширилди. Вилоят бўйича 300 та хонадон таъмирланиб, ҳар бир уй таъмири учун 9 млн. 800 минг сўм, жами 2 млрд. 940 млн. сўм сарфланди.

Вилоят бўйича 840 та кам таъминланган оила вакилларига 1 млрд. 132 млн. 549 минг сўмлик маиший техника туҳфа қилинди. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 65 нафар наманганлик фуқарога қарийб 222 млн. 285 минг сўмлик дори-дармон воситалари олиб берилиб, тиббий амалиётлар учун харажатлар қопланди.

– Тақдир экан, Яратган фарзанддан қисди, – дейди учқўрғонлик Мавлуда ая Атабаева. – Кексайганда, ёлғизлик қурсин. Синглимнинг қизи менга ҳамроҳ, икковимиз ногиронлик нафақамга тирикчилик қилардик. Отамдан қолган уйларни таъмирлашга ортиқча харажат қайда дейсиз? Маҳалламиз уй таъмирлашга менинг номзодимни кўрсатгач, касаба уюшма фаоллари келиб ўрганишди. Шундан сўнг ишлар бошланиб кетди. Усталарнинг бошлиғи Равшанбек ҳам ҳалоллик билан ишлади, умридан барака топсин. Кўча тарафдаги деворимни қуришди, икки хона ва ошхонани замонавий қилиб таъмирлаб беришди. Жияним Иродахон бу йил тиббиёт коллежини тамомлаб, институтга ҳужжат топширди. Насиб бўлса, талаба бўлганини чиройлик уйларимизда тўй қилиб нишонлаймиз.

– Учқўрғон туманидаги 25 та хонадонни таъмирдан чиқардик, – дейди “Триумф РРР” МЧЖ раҳбари Равшан Рустамов. – Деярли ҳар кунимизда одамларнинг давлатимиздан розилигини ҳис қилиб ишладик. Самимий дуолар, қувонган қалблар кимни руҳлантирмайди дейсиз?

– Наманган шаҳридаги 30 та хонадон таъмирида бизнинг “Марзия файз савдо” МЧЖ ишчилари иштирок этди, – дейди корхона раҳбари Анасхон Эшондадаев. – Сиз кўриб турган мана бу хонадон эгаси Комил Усмонов руҳий хасталиги сабаб шифохонада даволанаётган экан. Иш бошида турган касаба уюшма фаолларига раҳмат. Бу уйда яшаш учун шароит деярли йўқ эди. Энди манзара бутунлай бошқача, насиб бўлса, бу уйда хонадон эгалари энг бахтиёр кунларини ўтказишади.

– 2 нафар фарзандимни ногирон онам билан ёлғиз тарбияламоқдаман, – дейди косонсойлик Нозима Ҳолиқова. – Шу пайтга қадар тирикчиликдан орттириб уйимизни таъмирлай олмаётган эдик. Харобасифат ҳовлида яшаётганлигимиз нафақат мени, болаларимни ҳам ўкситар эди. Салгина ёғин бўлса, уйга чакка ўтишидан, қаттиқроқ шамол турса, уйимизнинг қулаб тушишидан хавотирланардик. Бугун қишлоқларимиз ҳам шаҳардан қолишмайдиган даражада ўзгариб янгича чирой очиб бормоқда. Улар қаторида бизнинг хонадонга ҳам яхшиларнинг қадами етиб келди. Касаба уюшма ташкилоти томонидан қисқа муддат ичида уйимиз янги таъмирдан чиқди. Оилавий ҳолатим, моддий имкониятимнинг чекланганига қарамай, болаларимнинг билимли, ҳунарли бўлишига, юртга фойдаси тегадиган инсонлар бўлишига ҳаракат қилмоқдаман. Қизим Тожибоева Олима ҳозир 13 ёшда, Косонсой туманидаги 3-сонли болалар мусиқа-санъат мактабида “Анъанавий хонандалик” йўналиши бўйича таҳсил олади. Ўзбекистон ва халқаро кўрик танловларда қатнашиб келмоқда. 40 яқин диплом ва фахрий ёрлиқлари қўлга киритган. Дутор чолғуси бўйича ҳам ижод қилиб келади. Ёлғиз она сифатида 2 нафар фарзандни вояга етказиш анча мушкул, лекин биз каби оддий одамлар ҳаётини яхшилаш борасидаги сиёсат рўёбини ўз ҳаётимда кўриб, ҳамма машаққатларимни унутгандек бўлдим. Болаларимнинг қувончи чексиз. Шинамгина кўринишга эга бўлган ҳовлимда қизим Олимахоннинг қўшиқлари янада шўх, беғубор янграмоқда. Озарбайжоннинг Боку шаҳрида 2016 йил Халқаро Болалар “Муғом-8” танловида фахрий 3-ўринни олган бўлса, Юртбошимизнинг шунчалик ғамхўрликлари билан энди олий ўринни олишига ваъда берамиз.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Президентимиз ташаббуслари билан ҳудудларда аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ёркин намунасидир. Мақсад эса аён – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, одамларнинг эртага эмас бугун яхши яшашини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш.

Бундай хайрли ва эзгу ишлар натижасида мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш масаласи олий қадрият даражасига кўтарилиб, меҳр-мурувват ва оқибат каби инсоний фазилатлар одамлар кўнглига нур олиб кирмоқда.

 

Дилдора Раҳмонова,

Ishonch мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!