НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЧИСИ
- Янгиликлар
Касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган барча ишлар, энг аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик, Президентимиз раҳбарлигида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. Бу юксалишлар сафига ҳар бир касаба уюшма фаоли ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси ҳам бу борада қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, ташкилотнинг негизи бўлган бошланғич ташкилотлар билан ишлаш, уларнинг фаолиятини тубдан такомиллаштирган ҳолда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Давр талабидан келиб чиқиб, уларнинг ҳаракатини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, шунингдек, меҳнаткашлар ўртасида мавқеини ошириш, жамоанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида бошланғич ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш, касаба уюшмалари ташкилотларида ишловчилар ва фаолларда профессионаллик, ижодкорлик қобилиятини шакллантириш мақсадида “Намунали бошланғич ташкилотчиси” мавзусида амалий семинар ўтказиш тўғрисида”ги Раёсат қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 13 апрел куни тармоқ касаба уюшмалари Наманган шаҳар кенгашлари тассарруфидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирокида “Намунали бошланғич ташкилотчиси” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Унда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг ташкилий ишлар бўлими мудири Р.Содиқов ҳамда юридик бўлими мудири Б.Раҳимбердиев, шаҳар тармоқ касаба уюшма кенгаши раислари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари дастлаб ҳар бир тармоқ касаба уюшма шаҳар кенгашлари тасарруфидаги учтадан намунали бошланғичнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, тажриба алмашдилар. Амалий семинар жараёнида касаба уюшмалари фаолиятига доир меъёрий ҳужжатлар, уларни юритиш тартиблари ва амалиётга татбиқ этиш механизмини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якуни Наманган шаҳар тиббиёт Бирлашмасининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди. Унда ҳар бир тармоқдан фаолияти намунали тарзда ташкиллаштирилган бошланғич ташкилотлар раислари томонидан тайёрланган слайдлар орқали ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек, касаба уюшма қўмиталари раислари амалий семинарда ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
— Бугунги семинардан кўп нарсани ўргандим, семинар жуда пухта тайёрланган ҳолда, намунали ўтказилди. Ўрганилган ташкилотлар ҳам ўзига хос ҳақиқатдан ҳам намунали экан, — дейди семинар иштирокчи, вилоят тех надзор инспекцияси бошланғич касаба уюшма ташкилотчиси О.Хаджаев.
Семинарда иштирокчиларга шаҳар кенгашлари томонидан тайёрланган тавсиялар, ЎзКУФК томонидан тайёрланган “Касаба уюшмалари фаоллари учун” услубий қўлланмаси тарқатилди. Шунингдек, намунали иш ташкил этаётган бошланғич ташкилот раисларига эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ташкилий ишлари бўлими