МУНОСИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
- Янгиликлар
Бугунги кунда мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, барча тармоқларда фаол меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Ўз касбининг моҳир эгалари” тадбири турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатаётган, фидокорона меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, ўз соҳасида юқори натижаларга эришаётган замондошларимизни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирнинг қуйи босқичларида жорий йил таълим, фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, давлат ва жамоат хизмати, транспорт, йўл қурилиши, агросаноат, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, каби тармоқларда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ўз соҳасида катта тажриба орттирган, ютуқ ва муваффақиятларга эришган саккиз мингга яқин турли касб эгалари қатнашди.
“Ўз касбининг моҳир эгалари”ни саралаш жараёнида асосий эътиборни ўз касбининг моҳир эгаси аввало, муайян бир соҳада кўп йиллар меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассислар бўлиши, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариши соҳани ривожлантириш мақсадида олиб бораётган изланувчанлиги, унинг эришган ютуқлари, ташаббуслари, яратган янгиликлари, ёшларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиб, шогирдлар тайёрлаши, меҳнат жамоаси орасидаги обрў-эътибори, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши, мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри англаши ва уларни нечоғли қўллаб-қувватлаши сингари масалаларга қаратилди.
2018 йилнинг 8 октябр куни Бирлашма кенгашида “Ўз касбини моҳир эгалари”ни тақдирлаш тадбирининг вилоят босқичи иштирокчиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тармоқлардан тақдим этилган ҳужжатларнинг барчаси вилоят Бирлашмасида шакллантирилган комиссия томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда 28 нафар “Ўз касбининг моҳир эгалари” тақдирландилар.
Тақдирлаш маросимини Бирлашма раиси Ш.Мусаев кириш сўзи билан очиб берди ҳамда жамоат ташкилотлари билан хамкорликда ғолибларга касаба уюшмаларининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Д.Раҳмонова