“Меҳнатни муҳофаза қилишда маълумотларни тўплаш ва улардан фойдаланишни оптималлаштириш”
- Янгиликлар
Кейинги йилларда касаба уюшмалари тизимида кечаётган ислоҳотлар меҳнат муҳофазаси соҳасини янада такомиллаштириш вазифасини кун тартибига чиқармоқда. Зеро, ҳар қандай касб эгаси ўз иш ўрнининг хавфсиз бўлишини, етарли шароит ва имкониятларга эга ташкилот, корхона ва муассасада фаолият юритишни хоҳлайди. Айни талаблар тўла бажарилгандагина мутахассис касбининг моҳир устаси сифатида шакллана олади.
Шу тамойилни тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси республикамизнинг барча ҳудудларида “Бутунжахон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган “Меҳнатни муҳофаза қилишда маълумотларни тўплаш ва улардан фойдаланишни оптималлаштириш” мавзусида давра суҳбатлари ўтказмоқда. Мазкур тадбирлардан навбатдагиси Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг катта мажлислар залида ташкиллаштирилди. Унда касаба уюшмалари фаоллари, вилоят меҳнат бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлими, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ Наманган минтақавий инспекцияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлими, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларини меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири) амалга тадбиқ этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”, “Зарарли ва ноқулай меҳнат шароитида ишловчи ишчиларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш”, “Ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларида ишларни бехатар олиб бориш услублари”, “Иш берувчиларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш борасида масъулиятини ошириш” каби турли муаммоли мавзуларда муттасадиларнинг чиқишлари ва муҳокамалар уюштирилди.
Давра суҳбати давомида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ўртасида “Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни энг яхши ташкил этган иш берувчи”, “Йилнинг энг фаол меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили” ҳамда “Йилнинг энг фаол ижтимоий ҳамкори” номинациялари бўйича танлов ғолиблари тақдирланди.
Давра суҳбатининг амалий қисми жамоатчилик назорати ҳамда меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникасини намунали йўлга қўйган “NAFIS TEX GROUP” МЧЖда давом эттирилди. Унда бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолияти ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги намунали жиҳатлар атрофлича таҳлил этилди.
Қорабаев Мирзанозир
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза
қилиш бўлими мудири