“МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА” ГИ ҚОНУНИНГ ЯНГИ ТАҲРИРИНИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТИЗИМИДА АМАЛГА КИРИТИШ
- Янгиликлар
Маълумки, ҳар бир ходим меҳнат фаолияти давомида ўз меҳнатининг муҳофазаланишини, ҳавфсизлиги таъминланишини истайди. Касаба уюшмаларининг устувор мақсади ҳам ишчи-ходимга муносиб меҳнат шароитларини таъминлашдан иборатдир.
Бу борада “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинганлиги касаба уюшмаларининг ваколатларини янада кенгайтирди. Мазкур қонун жорий йилнинг 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланиб, 25 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида маъқулланди.
Янги таҳрирдаги Қонун 36 та моддадан иборат бўлиб, унинг нормалари Республикамизда янги қабул қилинган қонунлар ва халқаро меъёрий талабларига мувофиқлаштирилди, янги нормалар киритилди ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган ва бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган нормалар чиқарилди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг Меҳнат муҳофазаси бўлими томонидан жойларда ушбу Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида семинарлар ташкил этилди. “Ўзэлектротерм” АЖда ўтказилган семинардан кўзланган мақсад ҳам янги таҳрирдаги қонунинг моҳиятини шу ерда ишловчи ишчи-ходимларга англатишдан иборат бўлди.
- Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги, корхоналарда меҳнатнинг соғлом ва ҳавфсиз шарт-шароитларини яратишга кўмаклашувчи солиқ сиёсатини юритиш, ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодисани ва ҳар бир касб касаллигини текшириб чиқиш ва ҳисобга олиш каби тамойилларга асосланишини ушбу семинарда соҳа ходимлари етарлича тушунтириб берилди, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Асқар Маъруфхонов.
Меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш, ходимларнинг меҳнат қилиш жараёнида соғлиғини сақлаш борасидаги қулай ва ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, бу борада профилактика тадбирларини олиб боришда меҳнатга оид қонунчиликнинг аҳамияти жуда катта.
Айни пайтда касаба уюшмалари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан жамоат назоратини ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.