Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

МЕҲНАТ ҚУРБОНСИЗ БЎЛСИН!

Болалигимда маҳалламизда бир қўли йўқ амаки яшарди. Қўлсиз енгини доимо чўнтагига солиб юргувчи кишини ўзимча урушга борган, ўша ерда қўлидан айрилиб қайтган деб тасаввур қилардим. Катта бўлгач, билсам, амаки урушдан анча кейин дунёга келган, комбайнчи бўлиб ишлаб юрган кезлари эҳтиётсизликми, фалокатми, хуллас, қўлини темирга “топширган” экан. Қўшни бўлгани учун яхши биламан, уни на қадрдон “колхоз”идан бирор киши йўқлаб келар, на нафақа тўлашарди. Шунгами, ёхуд ишга яроқсиз бўлиб қолганиданми, болаларини боқиш учун тайинли иш қилолмаётганиданми, амаки доимо аламзада кайфиятда юрарди. Ўшанда тушуниб етганманки, агар хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаса, ишхона ҳам бамисли фронтга айланар, бу хато тўлови фақатгина инсон саломатлиги билан қопланар экан.

Кўплаб давлат-нодавлат ташкилотларда бўламиз, доимо уқтирамизки, иш берувчининг энг биринчи вазифаси ходимга хавфсиз шароит яратиш ва муносиб иш ҳақи тўлашдир. Зеро, ҳар қандай инсон ишга отланар экан, “ой бориб, омон қайтишни” ният қилади.

264 нафар ходим меҳнат қилаётган “Намангандонмаҳсулотлари” АЖда ҳам меҳнат муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Барчамиз яхши биламиз, эл дастурхонига энг азиз неъмат ун ва ун маҳсулотларини тортиқ этувчи бундай корхонада ишлашнинг ҳам ўзига яраша завқи бор. Шу билан бир қаторда, деҳқоннинг Даласидан тўғри заводга кириб келгувчи ҳосил билан тўғридан-тўғри ишлашнинг ўзига яраша мураккабликлари ҳам мавжуд. Ходим саломатлигига таъсир қилгувчи турли чанг, жиҳозлар шовқини дегандек. Бу эса, ишловчиларнинг меҳнат муҳофазаси масаласида ўзига хос нозикликни талаб қилади. Мана шу мақсадда жамият маъмурияти томонидан 20 та иш ўрни шаҳодатлашдан ўтказилди. Бу эса, ўз навбатида, мазкур штатларда ишловчиларнинг имтиёзли асосларда нафақага чиқишини, фаолият даврида алоҳида шароитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлайди.

Жамиятда ўтган йил давомида меҳнат муҳофазаси учун 122 млн. 900 минг сўм маблағ сарфланган бўлса, гигиеник воситалар ва махсус кийимга 39 млн. 211 минг сўм йўналтирилди. Демакки, ходимларни ҳимоялаш, манфаатларини мувозанатга солишда аниқ натижага эришилмоқда. Бу борада касаба уюшма қўмитасининг иш берувчи билан ҳамкорликда ўтказаётган тадбирларини алоҳида таъкидлаш ўринли. Хусусан, меҳнат муҳофазаси борасидаги янгиликлар билан таништириб бориш мақсадида ходимлар ва раҳбарлар ўқуви ташкил этилмоқда, хавфсизлик қоидалари бўйича амалий кўникмалар шакллантирилмоқда. Мақсад ҳар бир ходим иш ўрнига саломат ҳолда келиб, хотиржамлик билан хонадонига йўл олсин. Шундагина ишда унум бўлади.

 

Одилжон ЖОРАБАЕВ,

Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!