КОНСТРУКТИВ ЕЧИМГА ИНТИЛИШ ПАЙТИ КЕЛДИ
- Янгиликлар
Наманган вилоятида ташкил этилган давра суҳбатида иштирокчилар томонидан долзарб саволлар ўртага ташланди. Вилоят даражасигача етиб келган саволларнинг залвори, аҳамияти меҳнаткашлар вакиллик органининг жойларда самарали ишлаётганини яна бир бор кўрсатгандек бўлди.
Бир қатор саволларга мутахассисларнинг асосли жавоблари берилган бўлса, айримлари республика даражасига ҳавола этилишига келишиб олинди.
Таъкидлаш ўринлики, ҳамкор ташкилотларнинг анъанавий давра суҳбатига эътибори, масъул мутахассисларни жалб этишдаги жонбозлиги йилдан-йилга ошиб бораётир. Тадбир давомида кўтарилган мавзулар ва уларга ёндашув фикримизни яққол тасдиқлайди.
– Тиббиёт ходимларининг малака ошириши учун хизмат сафарига юборилгандан сўнг тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги 174-сонли, Меҳнат Кодексининг 170-моддаси “Иш билан боғлиқ харажатларнинг компенсацияси ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар (171, 172-моддалар) қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари ва келишувлари, шунингдек меҳнат шартномаларида белгиланган шартлар ва тартибда иш берувчи томонидан қопланиши лозим, – Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиев. – 171-моддада “Хизмат сафари даврида ва кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда харажатларни тўлаш” деб белгиланган бўлса-да, ҳозирда тўловларни тиббиёт ходимлари учун суткалик ҳисоб-китоб қилинмай келмоқда. Бу билан қатор қонун ҳужжатлари, шунингдек, хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқнома тўлиқ бажарилмай қолмоқда. Ваҳоланки, бизнинг ҳудудда врачлар малакасини ошириш учун, албатта, пойтахтга боришади. Харажатлар ҳам шунга яраша. Ушбу масалага молия бошқармаси мутасаддилари эътиборини қаратдик ва ўзимизга керакли жавобни олдик.
– Биз кўтарган савол орқали республика ваколатли идораларига таклиф тайёрлашга келишиб олдик, - дейди АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Икром Шарофиддинов. – Қишлоқ хўжалигида, хусусан, фермер хўжаликларида қишки мавсумда ишланмайди, табиийки, бу вақт учун иш ҳақи ҳам ҳисобланмайди, меҳнат стажига ҳам киритилмайди, бу аслида ходимнинг айби ҳам бўлмайди. Натижада пенсияга чиқишда қишлоқ хўжалиги соҳаси ишчилари қатор муаммоларга дуч келишмоқда. Шунинг учун фермер хўжаликларида йиллик иш вақти минимуми жорий этилишини ҳамда у йиллик иш стажига ҳисобланишини таклиф этмоқдамиз. Масалан: пиллакорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан бир ойлик иши бир йиллик иш стажига тенглаштирилиб, пенсия ҳисоби учун асос бўлмоқда.
Давра суҳбатида шунингдек, иш ҳақи, иш ўрнини шаҳодатлаш, суғурта, тиббий кўрик каби масалалар кўтарилиб, айримларига шу ернинг ўзида жавоб топилди. Махсус ўрганишни тақозо қиладиган масалаларга тегишли мутахассислар бириктирилди.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири