Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

“КИТОБ МУТОЛААСИ СУВ ВА ҲАВОДЕК ЗАРУР ”

        Бугунги кунда ўғил-қизларимизни китобхонликка тарғиб қилиш ниятида  жойларда кўплаб эътиборга  лойиқ  ишлар  амалга оширилмоқда. Ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш,  энг сара асарларни ўқувчига етказиб бериш, ҳар бир инсонга мутолаа завқини бахш этишни кўзлаб, Наманган вилояти  касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси томонидан ҳам барча шароитларга эга замонавий кутубхона барпо этилган.

100  ўринга мўлжалланган ушбу шинам кутубхонада ҳозирда 3000  га яқин ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир асарлари ҳамда таълим, фан ва ҳуқуқий йўналишларга оид бир қанча сара китоблар ўрин олганки, ҳар қандай китобсевар  учун бу жой чинакамига мутолаа  масканига айланаётгани шубҳасиз.

  • Бугун ҳар бир инсон учун китоб мутолааси сув ва ҳаводек зарур, — дейди бу ҳақда Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси  Шуҳрат Мусаев. —  Негаки, тараққий этган даврда, таъбир жоиз бўлса,  энг сўнгги русумдаги  уяли алоқа аппаратлари билан “қуролланган” замонда яшаяпмизки, бу технологияларнинг “каромати”   аксариятимизни фикрлашдан, тафаккур қилишдан мутлақо мосуво қилиб қўяётгани ҳеч биримизга сир эмас. Ёшларимизга уларнинг эртанги кун камолотига китоб мутолааси нечоғли зарурият эканлигини тушинтириш учун ҳам бугун  уларнинг қўлига китоб тутқазишимиз керак. Ана шу мақсадда кутубхонамиз жавонидаги китоблар сонини янада оширишга ҳаракат қиляпмиз.  Кутубхонамиз эшиклари  эса ёшу қари учун доимо очиқ.

“Бисотингда ноёб, ўқишга минг карра арзигулик китобларинг бўлсаю уни ўзингдан бошқа ҳеч ким ўқиёлмаса, бошқалар билан бўлишмасанг,  энг аввало, бу ана шу китобларга нисбатан ҳурматсизлик бўлса, иккинчидан, ўқиб туриб уқмаганингдан дарак”,  дея таъкидлайди шу кутубхонага доимий келиб,  мутолаа қилувчи кекса отахон Аҳмаджон Ахунжанов. Ҳақиқатан, ҳар куни  ўнлаб инсонларга мутолаа завқини бағишлаётган  кутубхонага Бирлашма ходимлари ҳам ҳиссаларини қўшган ҳолда,  ўзларининг ўқиб бўлган, китобларини бошқалар билан “бўлишиш” ниятида, кутубхона фондига ҳадя қилишаётгани ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ иш.

  • Вилоятимиз ёшларини китобхонликка қизиқтириш, шунингдек, бугунги кунда уларнинг ўй-фикрлари,  муаммолари,  келажакдаги орзу-мақсадлари билан яқиндан танишиш мақсадида “Янги  Ўзбекистонни  сиз ёшлар билан қурамиз”  мавзуида Наманган  Давлат  Университетининг бир гуруҳ талабалари билан учрашув ҳам ўтказдик, — дейди Шуҳрат Мусаев. —  Учрашувда иштирок этган ёшлар ўзларининг аниқ  мақсад – муддаолари ҳақида гапиришиб,  биз билан қизғин мулоқот олиб боришди.

Учрашувда китобхонликка алоҳида урғу берилиб, “Ёш китобхон” танловида ҳар ойда энг кўп китоб ўқиганлар танлаб олиниши,  улар Бирлашма томонидан  пул мукофотлари ҳамда ҳали ўқимаган энг сара китоблар  билан рағбатлантириб турилиши маълум қилинди.

  • Мен кўпдан буён Бирлашма кутубхонасига келаман ва жаҳон адабиётига оид бир қанча дурдона асарларни мутолаа қилишга муваффақ бўлдим, — дейди НамДУ талабаси Гулзода Мамадалиева. — Бугунги учрашувдан эса таассуротларим катта. Айниқса “Ёш китобхон” танловининг ташкил қилингани мени ниҳоятда хурсанд қилди.

Дунёда китоблар кўп. Аммо ўқишга лойиқ, сара асарларни ўқувчи қўлига тутқазишга интилаётган, ана шу тариқа китобхон  ёшларимиз сафини кенгайтираётган  вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси кутубхонаси ва уни ташкил қилганларнинг мақсади эса ягона…

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!