Касаба уюшма тадбири “МЕН, АЛБАТТА, ТУЗАЛАМАН!”
- Янгиликлар
19 Онкология… Бу сўзни эшитганда, ҳар қандай киши бир сергакланиб олади. Сўзнинг ўзидан ҳам қандайдир табуъ ҳис қилади одам. Тақдир кишининг пешанасига қандай кунларни битмайди, дейсиз. Баъзан кўникамиз, баъзан ёзғира-ёзғира таскин излаймиз. Аммо умрининг аввалидаёқ оғир синовларга дуч келаётган жажжи қоракўзларни кўрганда, қалбимизда шафқат булоғи кўз очгандек, ҳар кунимиз учун шукр қилишимиз шартлигини англаймиз.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят филиалига кириб борар эканмиз, бу ердаги ҳаловат нелигини унутаёзган одамларни кўриб, дард бергандан шифосини ҳам тиладик. Ташрифдан мақсад “Сен яшашга ҳақлисан!” шиори остида бемор болалар, уларнинг яқинлари иштирокида хайрия тадбирини ўтказиш эди.
Марказнинг масъул ходимлари, малакали шифокорларнинг эътироф этишича, юртимизда болалар онкологик касалликларини даволашда ўзига хос тажриба тўпланган. Муайян касаллликларга айни шу марказнинг ўзида даво топилмоқда. Бемор болажонларга дори-дармон, малакали мутахассис ёрдамидан ташқари руҳий ҳолатнинг яхшилиги ҳам ижобий самара кўрсатишини барчамиз яхши биламиз.
Ижтимоий ҳамкорларимиз – Наманган шаҳридаги “Лотос” аёллар маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар кенгаши, вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази, шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигида муассасада даволанаётган ўғил-қизларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга эришдик. Тадбирда касаба уюшмаси томонидан кийим-кечак, ўқув қуроллари, дори-дармон ва бошқа тиббиёт воситалари улашилди, ота-оналарнинг дуоси олинди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази қошидаги “Наманган ғунчалари” бадиий ҳаваскорлик ансамбли, Наманган шаҳридаги 60-умумтаълим мактаб ўқувчилари ижросидаги концерт дастури бемор болаларнинг руҳини кўтарди.
Даволаш жараёнида энг кучли дори соғайишга бўлган ишончдир, дейишади. Тасаввур олами кенг, ҳаётга муҳаббати баланд болажонлар билан тадбир ниҳоясида “Қушдек енгил бўлинг!” деган тилак асносида осмонга махсус шиширилган шарлар учирилди.
“Мен, албатта, тузаламан!” Жажжи болажонларнинг қароғида муҳрланган бу аҳд кун давомида олган улуғ мукофотимиз бўлди. Зеро, касаба уюшмасининг эзгу ишлари шу каби дуолар, ниятлар асносида ривож топади.
Муҳайё ГАФФАРОВА,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Наманган шаҳар кенгаши раиси