ХОДИМЛАР МЕҲНАТИ МУҲОФАЗАСИНИ КЎЗЛАБ
- Янгиликлар
“Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, иш вақтида меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги, асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш иш берувчилар — корхоналар, муассасалар, ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек, иш берувчи оғир ишларда, ноқулай, зарарли ёки хавфли ишларда банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш, соғлиққа шикаст етказишнинг мавжуд хавфи, зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш, ходимларга берилиши керак бўлган компенсациялардан хабардор бўлиши лозим. Бу борада эса ҳар бир иш берувчига жадвал асосида тушинтириш ишлари олиб борилмоқда.
“Намангандонмаҳсулотлари” АЖ да меҳнат шароитлари бўйича иш жойларининг аттестациядан ўтказиш натижалари билан танишганимизда, корхонанинг тегирмон, омухта ем ишлаб чиқариш цехи, юк юклаш ҳамда механика ишлаб чиқариш цехида банд бўлган ходимларга сут маҳсулотлари, махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлигининг гувоҳи бўлдик. “Эко-Био-Тест” МЧЖ томонидан ушбу корхонанинг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилиши натижалари ҳам тасдиқланган.
Маълумки, аттестациядан ўтказиш даврийлигини ҳар бир корхонанинг ўзи белгилайди, бироқ у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилиши лозим. Аттестациянинг ўз вақтида ўтказилиши юзасидан масъулият корхона раҳбарига юкланади. Аттестация материаллари қатъий ҳисобот бериладиган материаллар ҳисобланади ва 50 йил сақланади.
Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари мазкур қарорда белгиланган талабларни бажарсалар, ишчи ходимларга меҳнат қилиш жараёнида қулай ва хавфсиз шароит яратилишига эришган бўладилар.
Мирзанозир ҚОРАБОЕВ,
Наманган вилояти касаба уюшмалари
ташкилотлари Бирлашмасининг
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири.