ХОДИМ САЛОМАТ БЎЛСА, ишда барака бўлади
- Янгиликлар
Инсонга ато этилган неъматлар орасида шундай қадрлилари борки, унинг ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди. Уни йўқотганда, на афсус, на маблағ ёрдам бера олади. Бу, шубҳасиз, саломатликдир. Зеро, жисмонан соғлом инсонгина маънавий баркамолликка интилади, оилада, иш жойида ижобий муҳитни қарор топтиришга интилиб яшайди. Тана соғлом бўлса –қалб хотиржам, қалб хотиржам бўлса, оламдан файз топа оласиз. Айни шу ҳаётий ҳақиқатга амал қилиб, кейинги пайтларда жамоатчилик билан ишловчи ташкилотлар инсонлар саломатлиги, бу орқали жамият соғломлигига эришишга интилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот, муассасалар ишчи-ходимларининг саломатлиги мустаҳкамлаш, шу орқали аҳолининг меҳнат самарадорлигини ва меҳнат қилиш фаоллигини ошириш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилотлар томонидан самарали фаолият йўлга қўйилаётир.
Жумладан, бироз муддат эътиборимиздан четга сурилиб қолган ходимлар гимнастикаси тушунчасига ҳозирги пайтда кун тартибидаги устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: касаба уюшмалари шу пайтга қадар ҳам турли спорт мусобақалари, спартакиадалар орқали ходимлар, уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган эди, мазкур гимнастика улардан қандай фарқланади?
Маълумки, кейинги пайтларда ишлаб чиқариш соҳаларининг кенгайиши, замонавийлашуви натижасида касб турлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бироқ мазкур касбларнинг аксарияти муайян ҳаракатлар даврийлигига асосланади. Бу эса ишловчида жисмоний зўриқиш муайян тана аъзоларигагина юкланади, деганидир. Шунинг учун ҳам кейинги пайтларда компьютерда қаршисида, тик туриб ишловчилар ёки доимий равишда ўтириб ишловчилар орасида остеохондроз, умуртқа қисмидаги чурра, бавосир (геморрой), семизлик, ички организмларнинг нотўғри ишлаши (модда алмашувининг ёмонлашуви) каби хасталиклар кўпайиб бормоқда. Ишлаб чиқариш гимнастикасининг асосий мақсади эса бундай касалликларга чалинишнинг олдини олишдан иборат. Шунингдек, ходимнинг онги, руҳи, маънавий оламини тозартиб боришга ҳам ишлаб чиқариш гимнастикаси орқали ҳам эришиш мумкин.
Эътибор берсак, ҳозирги даврда кўпгина кишилар гиподинамия (камҳаракатлик) туфайли юзага келадиган касалликлардан азият чекмоқда. Кўп ҳаракатсиз турганда ёки ўтирганда, кам ҳаракатдаги организмда моддалар алмашинуви, қон айланиши камаяди. Оёқларда мушак заифлашиб, қомат бузилишига олиб келади. Кам ҳаракатли касб эгалари кўпроқ бош оғришидан шикоят қиладилар. Афсуски, кишилар саломатлиги жиддий издан чиққан пайтдагина соғлом турмуш тарзи ва жисмоний машқларга мурожаат қиладилар. Ваҳоланки, мунтазам равишда оддий гимнастик машғулотларни бажариш саломатлигимизга ўз ижобий таъсирини ўтказади.
Ходимлар гимнастикаси қийин бўлмаган комплекс жисмоний машқлар бўлиб, ҳар куни иш вақти жараёнида ходимларнинг организм ҳолатини функционал яхшилаш, иш фаолиятини янада оширишга қаратилиб, бу машқлар иш жойида ва иш кийимига ўтказилишига мослаштирилган бўлиши лозим.
Ушбу машқлар куннинг биринчи ярмида иш бошлангандан икки соат кейин ва куннинг иккинчи ярмида тушликдан икки соат кейин бажарилиши мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги кунда жуда кўп соҳалар пайдо бўлиб, унда асосан, инсоннинг психикаси, асаб тизими, кўриш ва эшитиш аъзоларига кучли таъсир этмоқда. Бундай фаолият билан шуғулланувчилар эса гимнастика элементларини очиқ ҳавода, майин мусиқа садолари остида бажаришлари мақсадга мувофиқдир.
Зеро, ҳар бир одамнинг ҳаракатлари сарфланган саломатлик захираларини тиклаш, соғлом авлодни сақлаб қолиш ва умрини узайтириш, ҳаётий фоллигини таъминлаш ва ўз соғлиғига болаликдан кексалик давригача оқилона муносабатда бўлишига йўналтирилиши керак. Бу мақсадни амалга оширишда спорт тадбирлари ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки спорт мусобақаларининг яккалик баҳслари кишида интилувчанлик, сабр-бардошлилик сифатларини шакллантирса, жамоавий баҳслар ўзаро аҳиллик, муайян мақсадлар йўлида бирлаша олиш, оммавий мақсадларга иштиёқ руҳини кучайтиради. Касаба уюшма фаоллари иш берувчилар билан бир қаторда туриб бу борадаги фаолиятга ҳам янгича назар билан қарашлари лозим. Бунинг учун корхона, ташкилот, муассасалар қошидаги спорт жамоалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни янада ривожлантириш, фермер хўжаликларида оилавий спорт жамоаларини ташкил қилиш йўналишларини аниқ белгилаш лозим.
Қосимжон ХОЛБОЕВ,
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
Бирлашмасининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси