ҲАМИША ДОЛЗАРБ МАСАЛА
- Янгиликлар
Бугунги кунда дунёда бахтсиз ҳодиса бўйича ҳар 15 секундда ходим ҳалок бўлмоқда. Бу эса меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишларнинг нақадар долзарблигини кўрсатмоқда. Бошқачароқ айтганда, ходимнинг ўз вақтида амалга оширилмаган ҳимояси урушдан-да жиддийроқ оқибатларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси катта залида ўтказилган “Муносиб меҳнат – инсон фаровонлиги ва мамлакат тараққиётининг асоси” мавзусидаги семинар тренингда атрофлича тўхталинди. Йиғилишда барча тармоқ касаба уюшмалари туман кенгашлари раислари, бошланғич ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари ва вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, тренинга қадар соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси тизимида ўн бешта муассаса, хусусан, Тўрақўрғон ТТБ ҳамда Наманган ШТБда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
– Ходимлар томонидан хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномаларнинг бажарилмаслиги, меҳнат қилиш ва дам олиш тартибининг бузилиши, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик, дастгоҳларнинг носоз ҳолатда ишлатилиши, баъзан айланувчи қисмларда ҳимоя воситаларининг йўқлиги ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишларга олиб келади, – дейди йиғилишда ўз маърузаси билан иштирок этар экан ЎзКУФ Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова – Иш берувчи томонидан меҳнат муҳофазаси масаласига иккиламчи даражали иш деб қаралувчи ҳолатлар ҳам мавжуд. Хусусан, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича ўқитилмаганлиги, шахсий ҳимоя воситаларини берилмаганлиги ёки улардан фойдаланмаслик ва электр хавфсизлик талабларига риоя қилинмаслиги фикримизга мисолдир.
Дарҳақиқат, шунинг учун ҳар бир ходим онгли равишда масъулиятни ҳис қилиши, унинг соғлиғи ва келажаги, авваламбор, ўз қўлида эканлиги, яъни меҳнат муҳофазаси бўйича қоидалар, меъёрлар, йўриқнома ва талабларга иш ўринларида тўлиқ риоя қилишларини унутмасликлари лозим.
Мирзанозир Қорабаев
Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири