ГАЛДАГИ ВАЗИФА – ҚОНУНЛАРНИ АМАЛИЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ
- Янгиликлар
Маълумки, 2016 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳужжатга имзо чекди.
Ушбу Қонуннинг аҳамияти ҳақида сўз кетганда, мазкур ўзгартиришлар асосида касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини мустаҳкамлаш, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги касаба уюшмаларининг ваколатлари доирасини кенгайтиришда катта қадам қўйилганини эътироф этиш лозим.
Қабул қилинган қонуннинг эндиликда амалий ифодасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси томонидан “Касаба уюшмалари фаолиятига оид қонунларга киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқадиган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Вилоят адлия бошқармаси, Вилоят Меҳнат бош бошқармаси, Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси, бўлим мудирлари ва мутахассислари, Республика тармоқ касаба уюшмалари вилоятдаги масъул ташкилотчилари ҳамда туман тармоқ кенгаши раислари, йирик бошланғич ташкилотлари касаба уюшмалари қўмита раислари иштирок этган ушбу давра суҳбатида асосий эътибор янги қонуннинг мазмун моҳияти ва унинг амалий ифодасига қаратилди.
- Юқоридаги Қонундан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, энг аввало, касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлигининг кафолатлари мустаҳкамланди, — дейди Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси юридик бўлими мутахассиси М. Зарипов. — Жумладан, касаба уюшмасига бирлашиш учун зарур бўлган аъзоларнинг минимал миқдори камайтирилди. Эндиликда ташкилотларда камида уч нафар ходимнинг ташаббуси билан касаба уюшмалари тузилиши мумкин. Қонунга киритилган жорий ўзгартириш бежизга эмас. Бунда якка тартибдаги тадбиркорларга уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилганлиги ҳам инобатга олинди. Қонундаги ўзгартириш айнан хусусий тадбиркорлар томонидан ёлланиб ишлаётган ходимлар учун ҳам ўз иш жойларида касаба уюшмасига бирлашиш имконияти яратиб берди. Ўзгартиришларга кўра, бир марталик ишларда банд шахсларга касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи берилганлиги доимий иш билан банд бўлмаган аҳолини ҳам ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларининг кафолати сифатида юзага чиқди.
Шунингдек, қонунда касаба уюшмаси тақдимномасини кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатлари жорий этилди. Бунга кўра, иш берувчилар томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишни талаб қилиб касаба уюшмаси томонидан киритилган тақдимнома ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши шартлиги белгиланди. Қонуннинг аввалги таҳририда бу муддат бир ой қилиб белгиланган эди. Мазкур ўзгартириш ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тезкорлик билан тиклаш ҳамда иш берувчи томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни қисқа муддатларда бартараф этишга кўмак беради.
Шунингдек, давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунини амалга тадбиқ этишнинг долзарб масалалари” тўғрисида вилоят Меҳнат бош бошқармаси бўлим мутахассиси сўзга чиқиб, йиғилганларга ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтди. Шу билан бирга, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан Адлия органлари олдида турган вазифалар” борасида Вилоят Адлия бошқармасидан вакил сўзга чиқиб, бу ҳақда давра суҳбати иштирокчиларига атрофлича маълумот берди.
Ўзаро мунозараларга бой тарзда ўтган давра суҳбатида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими