Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

ФОРУМДАН КАТТА ТАЖРИБА БИЛАН

Беларуссия Республикаси Минск шаҳрида бўлиб ўтган “Халқаро касаба уюшмалари ёшлар ўқув Форуми”да иштирок этиб, ўзим учун катта таассурот ва тажриба билан қайтдим.

Ўзбекистон ёшлари номидан тузилган делегация таркибида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири – ёшлар масалалари бўйича раиси маслаҳатчиси Р.Карабаев, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси М.Зоҳидов, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Н.Пардаев, “Ишонч-доверие” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Т.Мамаджанов ҳамда мен ўрин олгандик.

Форум иштирокчилари гуруҳларга ажралган ҳолда иш олиб борди. Гуруҳлар Беларуссия касаба уюшмаси Федерацияси штаб-квартирасига ташриф буюришди ва  Форумнинг очилиши ўтказилди. Беларуссия касаба уюшмаси раҳбарияти, давлат органлари, жамоат арбоблари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги мунозара платформаси доирасида юртимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати ва бу борадаги мамлакатимизда кўлга киритилган ютуқларимиз ҳақида ҳамроҳимиз Темур Мамаджанов тақдимот ўтказди.

Беларуссия касаба уюшмаси экскурсион кўргазмасига амалга оширган ташрифимиз ҳам ўзига хос бўлди.

“Етакчиликни ривожлантириш, ўзликни намойиш қилиш ва нотиқлик қобилияти” мавзусидаги тренинглар туркуми эса кўпчилик учун янгиликларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди. Беларуссия касаба уюшмаси Федерациясининг ёш касаба уюшма фаоллари томонидан маҳорат дарси  ва форум иштирокчилари ўртасида тажриба алмашиш ташкил этилди. Минск шаҳридаги тарихий, маданият ва спорт объектларига ташриф доирасида 1, 2, 3-гуруҳлар Беларуссия Миллий кутубхонаси, М.Горкий номидаги Беларуссия маданият ва истироҳат боғи ва “Ратомка” номли Республика от спорти марказларига  ташрифлари ташкил этилди. “ТЕМП-дўстлар Форуми” танишув кечаси доирасида хорижлик тенгдошларимизга маданиятимиз, санъатимиз ҳақида маълумот бердик. Хусусан, делегация аъзоси М.Зоҳидов “Андижон полкаси” рақси, “Чойхона” ва “Ялла” қўшиқлари билан биринчи бўлиб чиқишни амалга ошириб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Тадбирда “Евровидение” халқаро танлови ғолиби — “NaviBand” гуруҳи ўз қўшиқлари билан иштирок этди.

Форумнинг навбатдаги кунида иштирокчилар Беларуссия касаба уюшмаси Федерациясининг  Халқаро университети — МИТСО фаолияти билан яқиндан танишишди ва “Медиация ва музокаралар олиб бориш” мавзусидаги тренингларда қатнашишди. “Дўстлик дарахти” акция форумида иштирокчилар томонидан “МИТСО” халқаро университетининг ички ҳовлисида  кўчат ўтказилди .

Беларуссия катта театрига ташриф доирасида театр бўйлаб экскурсия бўлиб ўтди ва Джакомо Пуччинининг “Богема” операсини томоша қилдик.

Форум иштирокчилари учун вилоятларга ташриф дастури ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Хусусан, Могилев вилояти Бобруйск шаҳридаги “Белшина” ОАЖда меҳнат шароитлари, ижтимоий шериклик ва ёшлар учун имтиёз, кафолатлар, жамоа шартнома тузиш, меҳнат унумдорлигини ошириш борасида масъуллар билан савол-жавоблар ўтказилди.

Форум иштирокчиларининг кейинги манзили — Рогачев шаҳрида жойлашган “Рогачев МСС” ОАЖ бўлди. Меҳнат жамоаси ҳаёти ҳамда Рогачев шаҳри билан танишувдан сўнг, “Преднепровиский” санаториясига бориб жойлашдик ва “Белпрофсоюзкурорт” унитар корхонаси иши билан яқиндан танишдик.

Форум доирасида Беларуссия металлургия заводига ҳам ташриф буюрдик. Шундан сўнг ёш фаоллар иштирокида Красный Берег қишлоғидаги ёдгорлик мажмуасига гул қўйиш маросими ўтказилди.

“Динамо” стадионида эса Беларуссия спортчилари билан учрашув ташкил этилди ва “Тинчлик ва халқлар дўстлиги” шиори остида енгил атлетиканинг югуриш тури бўйича марафон ташкил этилди.

Республика касаба уюшмалари маданият саройидаги йиғилишда Форум натижалари жамланиб, минтақавий дастур бўйича ҳисоботлар тингланди.

Шундан сўнг иштирокчилар “Криница” санаториясига йўл олди.  Санаторияда “ТЕМПда “Спорт сўзи” остида гуруҳларга ажралган ҳолда интерактив мусобақалар ўтказилди.

Умумий қилиб айтганда, Форум ҳар бир иштирокчи учун янгиликлар бериш қаторида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, ёшлар сиёсати борасидаги афзалликларимизни намоён этишга имконият бўлди. Хусусан, ёшлар ташаббусларига эркинлик берилаётгани, инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга жорий этишдаги ютуқларимиз, таълим тизимидаги янгиланишлар ҳақидаги маълумотларимиз кўпчилик тенгдошларимиз, касаба уюшма фаоллари учун қизиқарли бўлди.

Алихон АКРАМОВ,

 Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари

Бирлашмаси Ёшлар масалалари

 бўйича раис маслаҳатчиси       

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!