Энг яхши ёш ишчи касб эгалари
- Янгиликлар
Маълумки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда икки йилда бир марта 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ишчи мутахассислар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида танлаб олинган касблар бўйича “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” кўрик танлови ўтказиб келинади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг таълим йўналишлари, касблар ва ихтисосликлар умумдавлат таснифчилигидаги касбларни кенг тарғиб қилиш, ишчи, мутахассислар, ўқувчиларда ўзлари танлаган касблар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишини ошириш, ишчи мутахассислар ва ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятларини намоён қилиш, уларнинг касбий маҳоратларини оширишга кенг имкониятлар яратиш мақсадида ўтказиладиган ушбу республика танловида наманганлик ёшлар ҳам фаол иштирок этишиб, ўзларининг бор маҳоратларини намойиш эта олишди.
Танловнинг республика босқичида “Миллий ва бадиий либослар модельери” йўналишида Наманган қурилиш ва дизайн касб-ҳунар коллежининг битирувчиси Наргиза Мамажонова биринчи ўринни, “Компьютер инжиниринги техниги” йўналишида Уйчи Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи битирувчиси Абдулло Аҳмедов иккинчи ўринни, “Пайвандлаш ишлари техниги” йўналиши бўйича “Жийдакапа” қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Боситхон Тошпўлатов иккинчи ўринни қўлга киритишди.
-Ҳунармандларимиз томонидан юртимизнинг фусункор табиатига монанд жило бериб яратилган атласу адрасларимиз кўрган кўзларни яшнатса, тикувчи қўлларида бу матолар бир бутун санъат асари бўлиб дунёга қайта келадики, ушбу миллий либосларда ҳар бир ўзбек аёли зеболикда тенгсизга айланишади- дейди “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танлови ғолиби Наргиза Мамажонова.-Мен болалигимдан миллий матоларимизнинг ранг-баранглиги,уларда тасвирланган бетакрор нақшларга ҳавас қилиб улғайдим. Онам ҳам қўли гул чевар бўлганликлари боис бу касбга меҳрим минг чандон ошди. Онам тиккан либосларда гул-гул яшнаб юрган қўшни аёлларимизнинг юз-кўзларидаги хурсандчилигини кўриб келгусида албатта, модельер-дизайнер бўламан, деб ният қилгандим.
Ҳозирги кунда Наманган қурилиш ва дизайн касб-ҳунар коллежининг Миллий этнографик ва бадиий либослар дизайнери мутахассислигини тамомлаган Наргизанинг ниятлари бирин-кетин ушалмоқда. Ушбу коллежда ҳунар сирларини шогирдига ўргатган устози Мунисхон Қорабоева ҳам бугун шогирди қўлга киритаётган ютуқлардан мамнун. Наргиза яратган миллий либосларда ўзига хос ёшлик нафосати уфуриб туради. Ишончимиз комилки келгусида у яратган либослар нафақат юртимизда балки хориж мутахассислари томонидан ҳам эътироф этилиши, шубҳасиз.
Бугунги кунда компьютер ҳар бир кишининг энг муҳим иш қуролига айланган, восита десак хато қилмаймиз. Унда ишлашнинг ўзи бир маҳорат бўлса, бузилган бу ақлли техникани созлай олишнинг ўзи кишидан катта бир истеъдодни талаб этади. Ана шундай истеъдодли ёшларимиздан бири Абдулло Аҳмедовдир. У “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танловининг республика босқичида “Компьютер инжиниринги техниги” йўналиши бўйича фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Юз-кўзларида шу касбни чин маънода севиши кўриниб турган бу йигитнинг келгусидаги нияти шу соҳани мукаммал эгаллаб, юртимизнинг эртанги кун равнақига муносиб ҳисса қўшишдир.
Танловнинг “Пайванлаш ишлари техниги” йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритган Боситхон Тошпўлатов бугунги кунда “Жийдакапа” қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчисидир. Болалигидан акасининг касбига қизиқиб қолган Боситхон кейинчалик бу касбнинг сир-асрорлари билан танишиб, темир буюмлардан мустақил тарзда нақшинкор дарвозалар ясаганда ён-атрофидагилар у пайвандлаб ясаган буюмларга аъло баҳо беришган.
-Темир буюмларни бир-бирига пайвандлаб ясаган нақшинкор дарвозалар ва буюмлардан олам-олам завқ оламан-дейди Б. Тошпўлатов.- Бу касб сирларини мукаммал эгаллаб, келгусида юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшиш юксак мақсадимдир.
Ҳар бир инсон, энг аввало, ўзи севган касбни танласа ва шу касбда ишласагина унинг ишида унум, соҳасида ривожланиш, топганида барака бўлади. Ёш бўлишларига қарамай бизнинг бу энг ёш ишчи касб эгаларимиз ҳам келгусида ўзи танлаган касби орқасидан ҳалол ризқ топиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишларига ишончимиз комил.
Орзугул Рустамова,
Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси.