Энди мен ҳам шундай бахт соҳибиман
- Янгиликлар
Неча йиллардан бери акамнинг уйида яшардим. Очиғи, унга ҳам яшашда, ҳам фарзандларимнинг дори-дармони бўйича “тирик товон”лигимни ҳис қилиб яшаш нақадар оғир бўлган. Уч нафар фарзандим бор, улардан икки нафари биринчи гуруҳ ногирони, фақатгина эмаклашни билишади. Оллоҳ ярлақаб, учинчи фарзандим соғлом туғилди. Аммо ҳаётнинг синови кўп экан, тиргагим – турмуш ўртоғимдан ажралиб қолдим. Бу орада қийналганимни кўриб, “ўғлинг билан қизингни болалар уйига топширвор” дея “маслаҳат”бергувчилар ҳам топилди. Аммо онага фарзандининг ногиронлигини аҳамияти йўқ, унинг борлиги бир бахт эканлигини тушунтиришдан эринмадим. Бироқ кўп қийналдим. Ёрдам сўраб, не-не эшикларни тақиллатишга мажбур бўлдим. Ишлагим, ўз аравамни ўзим тортгим келади, аммо жужуқларимни кимга ташлайман?
Бу ёқда бошпанасизлигим ҳам катта ташвиш ва у мен учун ҳеч қачон ечилмайдиган тугундек эди. Бироқ президентимиз қарорлари билан касаба уюшмалари биз каби муҳтожларга эътибор қаратди ва ўз уйимга кўчиб кириш арафасидаман.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Муқаддасхон Фазлиддинова бизни рўйхатга қўшиш учун оилавий аҳволимизни 2017 йилда ўрганди. Икки йилдирки, иссиқ-совуғимиздан хабардор. Дам болаларимга кийим-кечак олиб беради, дам дори-дармонимизга қарашади. Очиғини айтаман, ўз ҳисобидан хайру эҳсон қилган кунлари ҳам кўп бўлди. Ҳатто нонга пулим қолмаган кезларда жигарларим қилмаган яхшиликларни қилди. Чуст шаҳрида ижарада турибман, ижара уй топишимда ҳам, уй эгаси билан гаплашиб бепул туришимга кўндиришда ҳам шу аёлнинг ёрдами бўлди.
Ҳозирда менга аталган уй қуриб битказилмоқда, кимгадир эриш туюлар, лекин мен туш кўраётгандекман. Ва ниҳоят менинг ҳам бошпанам, жисми нуқсонли бўлса-да, меҳримни сезгувчи фарзандларимни қучганимда, бахтимга гувоҳ кичиккина ватаним бор. Мен ҳам кўпчилик аёллар каби уйли аёл бўламан. Бу бахтнинг таъмини фақат мен кабилар ҳис қилишади. Бизни ўйлаган, халқнинг ғамини еган Президентимизга минг раҳмат. Улар бор эканки, биз каби ўксикларнинг ками тўлиб, ғами аримоқда. Янги йилда ҳам мана шундай эзгу ишларнинг саноғи кўпаяверсин.
Марғуба САТТОРОВА,
Чуст тумани