ДИНИЙ МАСКАНЛАРДА КАСАБА УЮШМАСИ
- Янгиликлар
Аъзо ташкилотлар сонини кўпайтириш орқали халққа янада яқинлашиш, касаба уюшма хизматидан фойдаланувчи қатламни кенгайтириш «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»даги асосий мақсадларимиздан бўлмоқда. Шу мақсадда тумандаги масжидларда ишловчилар билан суҳбатлар ўтказилди. Икки томонлама хайрихоҳлик натижасида мавжуд 11 та масжидда ишловчи 55 нафар юртдошимиз касаба уюшма хизматидан фойдаланадиган бўлишди. Улардан 26 нафари диний маълумотга эга. Улар шу вақтга қадар ҳам давлатимиз томонидан соҳа вакилларига яратилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб келишган. Касаба уюшма аъзолигидаги афзалликни эса навбатдаги қулайлик дея баҳолаш мумкин. Хусусан, тумандаги масжид имомларидан 5 нафари – “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом хатиби Абдуғофир Фозилов, “Зайд Ибн Ҳорис” масжиди имом хатиби Толиббой Шарипов, “Ҳазрати Усмон” масжиди имом хатиби Мансурхон Нишанов, “Султон Саид” масжиди имом хатиби Хўжатўхтасин Аҳмедов, “Ҳазрати ибн Аббос” масжиди имом хатиби Шарифжон Юнусов Ҳаж ва умра зиёратлари чоғида гуруҳ раҳбари сифатида юртдошларимизга етакчилик қилишди. Ушбу йўлбошчилик чоғида дунё ҳамда Ватанимиздаги шароит, фуқаролар учун ғамхўрликни солиштириш, шукрона келтириш имкониятига яна бир бор эга бўлишди.
Шунингдек, айни кунларда туманимиздаги машҳур Балиқкўл зиёратгоҳидаги «Султон Увайс Қараний» номли масжид янгитдан қуриляпти. Султон Увайс Қаранийнинг мақбараси жойлашган ушбу тарихий қадамжо республикамиз, ҳатто қўшни мамлакатларда ҳам машҳур бўлиб, мўъжизавий, илоҳий сайёҳлик нуқтаси сифатида ном қозонган.
Янги намунадаги аъзолик билетлари билан таъминланган, вақтида аъзолик бадалларини тўлаб бораётган масжид ишчилари касаба уюшмасининг ҳам имтиёзларидан унумли фойдаланиш ҳуқуқини теран англаб боришмоқда.
Ўткир НИШОНОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Чортоқ туман кенгаши хисобчиси