ДАВРА СУҲБАТИ-ФОЙДАЛИ БЎЛДИ
- Янгиликлар
Иқтисодий ривожланганликнинг энг муҳим кўрсаткичлари ижтимоий соҳада, хусусан, ишловчи ходимлар ҳаётида акс этади. Бир неча йиллар аввал мамлакатимиздаги корхоналарда ишловчиларни фақатгина ойлик маош масаласи қизиқтирган бўлса, ҳозирги кунга келиб, иш ўринларининг хатарсизлиги, хавфсиз меҳнат жойи, шаҳодатланганлик масалалари кун тартибига чиқмоқда. Бу эса касаба уюшма қўмиталари раислари олдидаги вазифаларнинг салмоғини янада ошириши, шубҳасиз.
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси томонидан “Бутунжаҳон меҳнатни мухофаза қилиш” кунига бағишлаб ўтказилган “Меҳнат муҳофазаси: ёш ходимларни қўллаб-қувватлаймиз” мавзусидаги давра суҳбатида бу хусусда атрофлича фикрлар юритилди. Унда ҳудудий ҳамкорлар, алоқадор идора ва ташкилотлар вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, бирлашма кенгаши масъул ходимлари, туман, шаҳар кенгашлари раислари ҳамда йирик ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, меҳнат муҳофазаси муҳандислари ва меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар иштирок этишди.
Давра суҳбати давомида вилоят ДСЭНМ Меҳнат гигиенаси бўлинмаси мудири Ҳабибулла Абдуллаев “Меҳнат шароитлари – унинг умумий касб касалликлари, меҳнат жароҳатлари келиб чиқишидаги аҳамияти ва ноҳуш ҳолатларини олдини олиш йўллари”, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ Наманган минтақавий инспекцияси инспектори Анваржон Абдужаббаров “Ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш тармоқларида ишларини бехатар олиб бориш услублари”, вилоят Савдо-саноат палатаси ўқув маркази директори Дилшодбек Отабоев “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳадаги ёш ходимлар, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти”, “Намангандонмаҳсулотлари” АЖ касаба уюшмаси раиси Эркинжон Қаҳҳаров “Ишлаб чиқариш билан боғлиқ содир бўлган бахтсиз ходисалар, жароҳатланишлар, касб касалликлари таҳлили” мавзуларида чиқиш қилишди.
Давра суҳбатида меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳаёт учун зарур омиллари хусусида фикр юритилиб, бу борада ёш ходимларни алоҳида тайёрлаш, хавфсизлик талабларига мувофиқ иш ўринлари билан таъминлаш борасида тавсиялар ҳавола этилди.
Шунингдек, суҳбат давомида Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами (уч жилдлик) тақдимоти, меҳнат муҳофазаси борасида ишлатиладиган асбоб-ускуналар, ҳимоя воситалари кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири