Давлат дастури амалда
- Янгиликлар
ЯХШИЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛИБ…
Дунёда инсонга яхшилик қилиш, унинг кўнглига шодлик улашишдан ортиқроқ савоб йўқ аслида. Киши қачон хурсанд бўлади: танаси со-, кўнгли хотиржам бўлганда. Кейинги йилларда касаба уюшмалари тизимидаги ишлар айни шу тамойилга асосланмоқда. Хусусан, ёш авлод вакилларидан тортиб нуронийлар қатламигача – барча-барчани соғломлаштириш жараёни изчиллик билан ташкил этилмоқда. Биргина Наманган вилоятида ҳам бу ишларга етарлича эътибор қаратилмоқда.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида кам таъминланган, кўп болали ҳамда олис ҳудудларда яшовчи оилаларнинг аёлларидан 29 нафари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилди. Ушбу мақсад учун ижтимоий суғурта маблағларидан 23 млн. 161 минг сўм йўналтирилди. Шунингдек,
тиббиёт ходимларидан 18 нафари, таълим фидойиларидан 20 нафари ҳам санаторийлардаги қулай шароитлардан унумли фойдаланишга эришишди.
Фарзанд кўриш илинжида умр кечираётган жуфтликларга нажот йўлини кўрсатаётган, бу борадаги тажрибаси бир неча карра ўзини оқлаган «Умид гулшани» санаторийсига фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзоларидан 14 нафари жўнатилди.
Шунингдек, ишлайдиган кексалардан 20 нафари ҳам соғломлаштириш жараёнини замонавий, қулай, юксак тиббий малака ривожланган масканларимизда ўтказиб қайтишди. Таъкидлаш зарурки, санаб ўтилган 101 нафар юртдошларимизнинг барчаси бепул соғломлаштирилди.
Ушбу имтиёздан фойдаланиб қайтганлар фикрини тинглар эканмиз, ишчи-ходим ҳамда унинг яқинларига яратилган шароит, берилган имтиёз ва турли кўринишдаги кўмак туфайли минг-минглаб оилаларнинг қувончига қувонч қўшилаётгани ҳақидаги эътирофларнинг ўринли эканига ишончимиз комил бўлмоқда.
Дилшодбек ТЎХТАБОЕВ,
Наманган вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси
ижтимоий суғурта бўлими мудири