ЧЕМПИОН ОРОМГОҲДА ДАМ ОЛМОҚДА
- Янгиликлар
Ёз, одатда, ҳордиқ, сўлим масканларга ташриф, иш ва ўқишдан бир муддат танаффус вақтидир. Бу танаффус навбатдаги жараёнлар олдидан, чин маънодаги, куч тўплаш палласи бўлмоғи лозим. Айни пайтда, Косонсой туманидаги “Олмазор” оромгоҳида дам олаётган болажонларнинг барчаси навбатдаги ўқув йилига маънавий тайёргарликни бошлаб юборишди.
Улардан бири 11 ёшли Жобирхон Ғайбуллаевдир. Жобирхон мазкур оромгоҳда иккинчи йил дам олиши. Отаси Фарҳод Ғайбуллаев тумандаги БЎСМда фаолият юритади. Касаба уюшма имтиёзидан фойдаланиб, фарзандини оромгоҳга жўнатди.
– Ўтган йили Жобирхоннинг “Олмазор”дан олган таассуротларини эшитиб, унинг кўтаринки кайфиятини сезиб, бу йил ҳам мазкур оромгоҳга жўнатишни ният қилдим, – дейди Ф.Ғайбуллаев. – Фарзандим Таэквандо WTF билан болалигидан шуғулланади. Ўтган йили вилоят мусобақасида 1-ўрин, “Олтин водий” чемпионатида 2-ўрин, вилоят биринчилигида 1-ўринни эгаллади. Жорий йилда эса БЎСМлар очиқ чемпионатида 1-, Фарғона вилоятида ўтказилган 2002-2008 йилда туғилган ўсмирлар ўртасидаги очиқ турнирда 2-ўрин, Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний турнирида 3-ўринни олди. Бу ютуқлар замирида, албатта, тоза ҳаволи масканда чиниққанлигининг, дўстлари билан олдига қўйган мақсад томон рақобат билан олға интилишининг ҳиссаси ҳам бор.
- Бу ерда ҳаммаси ёқимли, – дейди Жобирхон. – Кун тартиби ҳам, устозларнинг машғулотлари, қизиқарли китоблар ўқиш, овқатланиш, ўйин-кулгу, янги дўстлар – барча-барчаси биз учун керакли. Олдинда мен учун ҳаяжонли “Олтин водий” чемпионати турибди. Худо хоҳласа, биринчи ўринни оламан. Бунда “Олмазор”даги чиниқиш, янги дўстларимнинг қувватлови ўзгача шижоат бағишлайди.
Алишер РАЖАБОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Косонсой туман кенгаши хисобчиси