БОЛАЛАРИ КУЛАР БУ ЭЛНИНГ…
- Янгиликлар
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қаршисидаги “Ўзбектелеком” биносининг атрофи тонгданоқ болажонлар билан гавжум бўлди. Оромгоҳга жўнашига анча вақт бор бўлса-да, ота-онасининг қўлидан тортқилаб келаётган болажонларнинг қувончи сизга ҳам юққандек бўлади. Кимдир юк тўла сумкасини елкасидан қўймайди, бошқаси автобусга тезроқ чиқиб олиш тараддудида. Олдинга ошиқаётганлар ичида бир болажон қўлини баланд тутганча танбурини эҳтиётлаган бўлади. Ҳа, кимдир китоб ўқиб, бошқаси тўпи билан ҳордиқ чиқарса, мурғаклигиданоқ санъатга ошуфта бўлган қалб учун ҳар бир нота олам-олам роҳат бахш этади. Вилоятда мавжуд оромгоҳларнинг барчасида турли соҳага қизиқувчи болажонлар учун етарли шароит яратилган. Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан ватанпарварлик, она юртга садоқат, ғурур-ифтихор туйғуларини тараннум этувчи қўшиқлардан иборат дисклар тўплами, услубий қўлланмалар етказиб берилди.
Оромгоҳларнинг биринчи навбатида дам олувчи 1375 нафар болажонлар шу куни вилоят ҳамда тегишли туманлар марказидан дам олиш масканларига тантанали равишда кузатиб қолинди. Карнай-сурнай садолари остида йўлга чиққан автобуслар кортежи жажжиларни манзилга етказиб қўйишди.
Энг асосий мақсад, ёзги таътилни мазмунли ва унумли ўтишига шароит яратишдир. Зеро, болаликнинг баҳорлари, ёзлари ҳар куни ҳам келавермайди.