БАХТЛИ ЭЛНИНГ БОЛАСИ
- Янгиликлар
Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам шаҳардан ташқаридаги оромгоҳлар ўз ишининг биринчи навбатини якунлади. Бугунги кунда 9 та стационар болалар оромгоҳдан 1540 нафар,
89 та кундузги оромгоҳдан 11800 нафар ўғил-қиз бир олам таассуроту саргузашт билан ўз уйларига қайтишди. Йил давомида уларга оромгоҳдан олинган завқу шавқ, янги дўстлар билан тузилган хайрли ташаббуслар ҳамроҳ бўлажак.
* * *
Вилоятдаги мавжуд оромгоҳларда 172 нафар педагог-тарбиячи ва
16 нафар тиббиёт ходими ўғил-қизларимизнинг мақсадли дам олишига бош-қош бўлишмоқда. Шунингдек, уларга 16 нафар ички ишлар, 9 нафар фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда 9 нафар давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари бириктирилди.
- Оромгоҳлардаги ҳолатни мунтазам кузатиб бориш, уларга изчил амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда мавсумнинг бориши тўғрисидаги кундалик маълумотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходимларининг тунги навбатчилиги, касаба уюшмалари шаҳар ва туман тармоқ кенгашларининг кунлик кундузги навбатчилиги ташкил этилиб, оромгоҳлар фаолиятини мунтазам назорат қилиш, юзага келган камчилик ва муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш йўлга қўйилди, — дейди Бирлашманинг масъул ходими Қосимжон Холбоев. — Навбатдаги мавсумларда ҳам иш шу йўсинда ташкил этилади.
Барча оромгоҳларда 30 га яқин турли йўналишлардаги тўгараклар ташкил этилган. Мустақиллик йилларидаги ривожланиш тамойиллари, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, миллий қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган белгиланган чора-тадбирларга биноан 1-навбати(смена) давомида тарғибот ишлари ўтказилди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан, белгиланган режа жадвал асосида, “Ёш қутқарувчи” мусобақалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши томонидан турли мавзудаги тренинг ва учрашувлар ўтказилди. Вилоятда ижод қилиб келаётган шоир, ёзувчилар, фан ва маданият арбоблари, адабиёт ва санъат намоёндалари, ёш авлод вакиллари билан
2016 йил 15 июнь куни 9 та шаҳардан ташқари оромгоҳларда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан болалар соғломлаштириш оромгоҳларида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” мавзусида учрашувлар ўтказилди.
Мавсумнинг 2-навбатига 20 июнь куни шаҳардан ташқарида жойлашган оромгоҳларга 1390 нафар болаларни вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатувида дам олиш масканларига етказилди.