“Аёл борки олам мунаввар”
- Янгиликлар
“Аёл борки олам мунаввар”
Юртбошимиз истиқлолнинг илк йилларидаёқ эътироф этганларидек, «Хотин-қизларга муносабат жамиятимизнинг маънавий, ахлоқий етуклигининг ўлчови”дир.
Тупроғи олтинга тенг бўлган – Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон заминимизнинг тинчлигу-осойишталиги катта бахт.
Мана шу тинч замонда яшаётган пиру бадавлат онахонларимиз, гўзал аёлларимиз, меҳрибон сингилларимиз, жажжи қизалоқларимизни асраб-авайлаш бизларнинг асосий бурчимиз бўлмоғи даркор.
Буни биргина ўзбек аёлининг ҳозирги кундаги ҳаёти, турмуш тарзи, ижтимоий ҳаётда юксалган мавқеидан ҳам англаш мумкин.
Боғнинг кўрки гул билан бўлгани каби оиланинг бахти аёлнинг чиройу латофати биландир.
Бугунги кунда ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида, фан, маданият ва соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритаётган ҳамда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ўз хиссасини қўшаётган фаол хотин-қизларни рағбатлантириш, намунали касбий маҳорати билан барчага ўрнак бўлган меҳнат фахрийларини шарафлаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан шаҳар ва туманлардаги барча тармоқларда, бошланғич ташкилотларда “Аёл борки олам мунаввар” мавзусида жами 1944 та тадбирлар юксак савияда ташкил этилди ва уларда 146 мингга яқин меҳнаткашлар иштирок этдилар.
Меҳнат жамоаларида ишловчи аёллар, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олувчи қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни ҳаётга ва оилага тайёрлаш мақсадида суҳбатлар, учрашувлар, кўрик-танловлар, спортнинг оммавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Касаба уюшмалари томонидан давлат ва нодавлат секторида меҳнат қилаётган ўз касбининг фидойилари бўлган илғор хотин-қизларни, шунингдек меҳнат фахрийларини байрам муносабати билан табриклаш ва рағбатлантириш ишлари олиб борилди.
Байрам тадбирларида шаҳар, туман маданият ходимлари ва санъаткорлари ўзларининг шўх қўшиқ, рақслари билан алоҳида хуш кайфият улашдилар.
“Аёл билан олам мунаввар. Дарҳақиқат бу сўзларнинг замирида қанча эзгу ишлар сабабчилари бўлмиш аёлларга берилган таъриф бор. Ҳар йили баҳор айёмида бўлиб ўтадиган бундай байрам тадбирларини ташкил этаётган касаба уюшмалари фидойиларига ҳар қанча ташаккур билдирсак арзийди –дейди касаба уюшма фахрийси Муборакхон Бобохонова.
Бугун Наманганнинг қишин-ёзин гулга бурканган, чирой очган шаҳару қишлоқларини, ҳамиша дуогўй, саришта аёлларини кўриб, доно Юртбошимиздан, устувор сиёсатимиздан мамнунликни сезиш қийин эмас.
Бизлар эса бу маъмурчиликка ҳисса қўшишга ҳамиша камарбастамиз. ”
Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими