ТАРИХ САҲИФАСИНИ ВАРАҚЛАБ…
- Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя муқаддас байрамимизнинг бу йилги бош шиорига айланди.
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан эҳтиёжманд, кам таъминланган, ижтимоий ҳаётда фаол бир гуруҳ фахрийлар Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тантанаси олдидан кўҳна ва навқирон Тошкент, Самарқанд ва Бухоро сари саёҳатга отланишди.
Фахрийларни тантанали кузатиш маросимида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва “Ўзбектуризм” компаниясининг вилоятдаги масъул ходимлари иштирок этишди. Халқ хўжалигининг турли жабҳаларида узоқ йиллар муносиб меҳнат қилган фахрийлар ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга лойиқ эканликлари маросимда бот-бот такрорланди.
Кўрсатилаётган ғамхўрликдан руҳланган фахрийлар гуруҳи раҳбари Маматвали Турғунов, тўрақўрғонлик Рафиқжон Отабоев ҳамда Наманган туманидан меҳнат фахрийси Холмирза Қорабоев дуога қўл очишар экан, яратиб берилаётган бундай шароит учун мустақил республикамиз Президенти Ислом Каримовга ҳамда унга қўшқанот бўлиб, Ватанимизни обод, ҳаётимизни фаровон этаётган ҳар бир фидойига Яратгандан куч-қувват сўрашди.
Зиёрат давомида олинган таассуротлар тарихимизнинг улуғворлиги, тараққиётимизнинг шиддаткорлиги ҳақидаги ҳаётий тасаввурларни янада мустаҳкамлади. зеро, ўтмишини унутмаган элнинг келажак сари қўяжак қадами залворли бўлади. Тарих сабоғини пухта ўзлаштирган ҳар бир авлод истиқлол биносига ўзига хос тамал тоши қўйишга қодир бўлади.
Садриддин ҚЎЧҚОРОВ,
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири