Ижтимоий суғурта Йуриқномасидан кўчирма
“Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, бериш, ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш тартиби тўғрисида Йўриқнома”дан
К Ў Ч И Р М АЛАР.
17-банд: Ходимга даволаниш учун йўлланма унинг иш жойидаги касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ўрнатилган навбат бўйича берилади.
18-банд: Ходим ижтимоий суғурта ёки касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олишидан қатъий назар, унга икки йилда бир маротаба йўлланма берилади.
19-банд: Касаба уюшма ташкилотлари томонидан ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган йўлланмалар:
10 фоизгача – бепул;
90 фоизгача – қиймати қисман ундирилган ҳолда берилади.
21-банд: Йўлланманинг қисман ёки тўлиқ қиймати тўланганлиги тўғрисидаги тўлов қоғози (квитанция) тақдим этилмагунча йўлланма берилмайди.
31-банд: Ходим йўлланма олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ариза;
- тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси;
- меҳнат дафтарчаси нусхаси;
- меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
- йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози (квитанция);
32-банд: Ходимга берилган йўлланма, олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми (паспорт асосида), иш жойи, лавозими, йўлланма берган касаба уюшма ташкилотининг номи кўрсатилган ҳолда тўлдирилиши ҳамда касаба уюшма ташкилоти раиси томонидан (раиснинг фамилияси кўрсатилган ҳолда) имзоланиши ва муҳри билан тасдиқланиши шарт.
33-банд: Санаторийлар томонидан тўлдирилмаган, муҳри ноаниқ қўйилган йўлланмалар билан келган шахсларни қабул қилиниши, йўлланмага тузатиш киритилиши қатъиян таъқиқланади.
34-банд: Ходим йўлланма олгандан кейин санаторийга тақдим этиш учун санаторий-курорт картасини (0.7.2./У-шакл) расмийлаштиради. Даволаш усули мос келмаслигини кўрсатувчи белгилар аниқланган ҳолда, у санаторийга қабул қилинмайди.
47-банд: Агар ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан йўлланма олган ходим, йўлланмадан фойдаланмаса ва ўз вақтида узрли сабабсиз касаба уюшма ташкилотига қайтариб топширмаса ёки бошқа шахсга бериб юборса, шунингдек ходим мазкур Йўриқноманинг 18-бандида кўрсатилган муддатдан олдин икки ва ундан ортиқ марта йўлланмадан фойдаланганлиги аниқланса, ундан йўлланма қийматининг, қисман тўланганидан қолган қисми ёки йўлланма бепул берилган бўлса, тўлиқ қиймати ундириб олинади.
49-банд: Санаторийдан қайтган ходим йўлланма берган касаба уюшма ташкилотига санаторий томонидан тўлдирилган йўлланманинг қайтарилувчи талонини топшириши шарт ва бу тўғрида йўлланмаларни ҳисобга олиш китобида тегишли ёзув қайд қилинади.