ЮРТ КЕЛАЖАГИ ЁШЛАР ҚЎЛИДА
- Янгиликлар
Ёшликни шижоат фасли дейишади. Шижоат-ла безанган давр ўрганишга, ўз ишининг устаси бўлиш учун интилишга сарфланса, келажакнинг порлоқ бўлиши шубҳасиздир. Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси катта мажлислар залига йиғилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови совриндорларидан бу борада кўнгилни тўқ тутиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини 2016 йилда амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, шунингдек ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил амалга оширилишида барча бўғиндаги касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, ушбу йўналишга оид белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этиш, ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу танлов барча босқичларда уюшқоқлик билан ўтказилди.
Танловнинг 1-босқичи 500 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилиб, унда 2000 минг нафардан зиёд, 2-босқичи Наманган шаҳри ва туманлар миқёсида ўтказилиб, 578 нафар, 3-вилоят босқичида 80 нафар ёш мутахассислар иштирок этдилар.
Танловнинг «Энг фаол ёш олим»,«Энг фаол ёш шифокор», «Энг фаол ёш спорт мураббийи», «Энг фаол ёш транспортчи», «Энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими» номинациялари бўйича вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида бирлашма раиси З.Маҳкамова, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ў.Турғунов иштирок этди.
Ушбу танловда иштирок этаётган ёшларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда, — деди ўз кириш сўзида O.Тургунов. — Бу ёшларга қаратилган давлат сиёсатининг устувор бўлиб бораётганидан, қолаверса, эътиборга жавобан ёш авлоднинг ўз касб сирларини ўрганишга астойдил киришганлиги, фаоллик борасида пешқадам бўлиб, дунё ҳавас қиларли натижаларни қўлга киритаётганидан даракдир.
Тадбирда 5 та номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган 16 нафар ғолиб тақдирланди. Шулардан 6 нафари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган Республика ёшлар форумида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Тадбир якунида совриндорлар ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида келган меҳмон, иштирокчиларга концерт дастури намойиш этилди.