ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
- Янгиликлар
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилоят кенгаши ташаббусида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
2011 йилдан буён ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-танловнинг асосий мақсади – фаолияти намунали йўлга қўйилган бошланғич ташкилотларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, бошланғич ташкилотлардаги касаба уюшмаси фаолларининг профессионал даражасини ошириш, ёшларни касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятига кенг жалб этишдир.
Маълумки, “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг
биринчи босқичи май-июнь ойларида шаҳар ва туманларда ўтказилиб, унда 1330 дан зиёд бошланғич ташкилотлар иштирок этишди.
Ушбу танлов икки номинация бўйича, яъни аъзолар сони 100 нафаргача бўлган ва аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилиб, унда ғолибликни қўлга киритганлар бугун тантанали тарзда тақдирланишди.
Ушбу кўрик-танловнинг ўтказилиши натижасида корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларнинг ижтимой-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасидаги амалий ишларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, уларга етарли меҳнат ва маиший шароитларнинг яратиб берилиши, жамоа шартномаларида белгиланган имтиёзлардан барча ходимлар бирдек фойдаланишлари, касаба уюшмалари қўмиталари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш масалаларига эътибор кучайди.