МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ БЎЙИЧА ЭНГ ЯХШИЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
- Янгиликлар
Корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратилиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни кундан кунга ортиб бормоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, барча ҳудудларда касаба уюшмаларининг “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан кўрик-танлови ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти кенгашида ушбу танловнинг вилоят босқичида ғолиб бўлганлар тақдирланди.Танловнинг тақдирлаш маросимида “Энг яхши ташкилот”, “Энг яхши касаба уюшма ташкилоти”, “Энг яхши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил”, “Энг фаол иштирок этган меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” каби номинациялар бўйича 13 нафар ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари берилди.
—Касаба уюшма ташкилотининг барча бўғинларида хизмат қилаётган фаолларнинг асосий мақсади, инсон хавфсизлиги, саломатлигини таъминлаш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдан иборат, — дейди бу ҳақда Кенгашнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мутахассиси Одилжон Жўрабоев. — Ушбу кўрик–танловининг ҳам асосий ғояларидан бири ана шунда.
Тақдирлаш маросимида Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят Кенгаши раиси Хасанбой Хожаев ҳамда ҳамкор ташкилот вакиллари иштирок этишди.