“САХОВАТ” УЙИГА САХОВАТПЕШАЛАРНИНГ ЭҲСОНИ
- Янгиликлар
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда ЎзКУФ Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан Давлатобод туманида жойлашган «Саховат» уйида истиқомат қилаётган нуронийлар ҳолидан хабар олинди.
Кексалар дуосини олиш, уларнинг кўнглини шод қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу ҳайрия тадбири “Саховат” уйида яшаётган 70 нафардан зиёд нуронийларнинг қалбига ёруғлик киритгани билан ҳам аҳамиятлидир.
—Биз сингари қариялар доим эътибор, ғамхўрликка муҳтожлик сезиб яшаймиз, — дейди Нуриддин бобо. — “Саховат” уйимиздаги яшовчиларнинг ҳаммаси кўнгли ярим инсонлар. Бугун бизни йўқлаб, келганларнинг умри узун, топгани олтин бўлсин. Ташкилотчиларнинг яхши ниятда қилган эҳсонларидан бениҳоя мамнун бўлдик.
Дуога қўл очиб, ҳар сўзида юртимизга тинчлик-ҳотиржамликни сўраб яхши ният қиладиган бундай нуронийларимизни ҳар қанча эъзозласак, уларга ғамхўрлик кўрсатсак оз.
Айни дамда бош шифокор бошчилигида 13 нафар ҳамширалар “Саховат” уйидаги кексалар соғлиғидан хабардор бўлишиб, туну кун уларнинг хизматини қилишмоқда.
Орзугул
РУСТАМОВА,
“ISHONCH”