Савол-жавоб
Савол: Бир неча йиллик турмушимиз бузилишини истамай, фарзандимиз бўлмаганлиги сабабли, хўжайиним билан келишган ҳолда туғруқхонадан бола асраб олдик. Иккимиз ҳам давлат ишида ишлаймиз, боламни улғайтириш мақсадида меҳнат таътили олсам бўладими?
Жавоб: Янги туғилган болаларни бевосита туғруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун (икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса етмиш календарь кун) ўтгунга қадар бўлган даврда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда сизга таътил берилади.
Савол: Давлат ижтимоий суғуртаси ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз, у қай ҳолларда ишчиларга берилади?
Жавоб: Барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилиниши лозим. Давлат ижтимоий суғуртаси учун иш берувчилар, шунингдек, суғурта қилинган ходимларнинг ўзлари бадал тўлайдилар. Иш берувчиларнинг давлат ижтимоий суғуртаси учун бадал тўламаганликлари суғурта қилинган ходимни давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан таъминлаш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Суғурта қилинган ходимлар, тегишли ҳолларда эса уларнинг оилалари ҳам давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан вақтинча меҳнатга қобилиятсиз нафақалари, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, бола туғилганда бериладиган нафақалар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар билан таъминланадилар.
Савол: Агар иш берувчи ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилса, унга етказилган зарар қай тартибда тўланади?
Жавоб: Ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда ололмай қолган иш ҳақини иш берувчи унга тўлаши шарт. Бундай мажбурият, агар иш ҳақи меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда рад этилганлиги, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги ва меҳнат низоларини кўрувчи органнинг бундай ишлар юзасидан чиқарилган қарори ўз вақтида бажарилмаганлиги, меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги, ҳар қандай йўллар билан ходимнинг шаънига доғ туширувчи маълумотлар тарқатилганлиги натижасида, башарти бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса, шунингдек бошқа ҳолларда олинмай қолган бўлса, келиб чиқади.
Савол: Агар ходим ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ишни бажаришни рад этса, иш берувчи бу ҳолда қандай йўл тутади?
Жавоб: Ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол маълум қилиши лозим. Меҳнатни муҳоваза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўради. Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.
Савол: Тунги ишларда, иш вақтидан ташқари ишларда, дам олиш кунларидаги ишларда аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўғрими?
Жавоб: Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни уларнинг розилигисиз, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун ҳавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Савол: Меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган қайси ҳолатлар бўйича бекор қилинади?
Жавоб: Меҳнат шартномаси ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда, шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этишнинг имкони бўлмаса, ходимнинг вафоти муносабати билан ва қонун назарда тутган бошқа ҳолларда меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Савол: Жамоа шартномаси нима эканлигини таърифлаб беринг?Учқўрғон туман “Дадахон хожи-Сирожиддин хожи” МЧЖ раҳбари О.Мирсаидов
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 29-моддасига кўра, жамоа шартномаси корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир. Ходимлар манфаатини кўзловчи орган касаба уюшма қўмитаси билан иш берувчи, яъни маъмурият ўртасида тузиладиган шартномадир. Унда корхонада меҳнат муносабатларини ва ижтимоий муҳофазани таъминлашга қаратилган нормаларнинг энг кам миқдори ва юқори чегараси белгилаб олинади. Тармоқ шартномалари ва жамоа шартномалари касаба уюшмаларига тақдим этилади ва улар билан келишилгач ва имзолангач, 7 кунда меҳнат органларига ҳисоб рўйхатига олиш учун тақдим этилади (Меҳнат кодекси 51-модда).
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси меҳнатни мухофаза қилиш бўлими мудири Мирзанозир ҚОРАБОЕВ
Савол: Иш берувчи қандай тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти тиббий кўрикдан ўтказиб туриши шарт?
Наманган шаҳар “Ўлкашунослик” музейи ходими
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214–моддасига асосан, иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт:
ўн саккиз ёшга тўлмаганлар;
олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар;
ногиронлар;
меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;
умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси меҳнатни мухофаза қилиш бўлими мудири Мирзанозир ҚОРАБОЕВ
Савол: Ходимнинг бурчлари нимадан иборат?
“Мингбулоқ қурилиш савдо” МЧЖ иш юритувчиси Х.Нишанов
Жавоб: Ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши шарт. Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси меҳнатни мухофаза қилиш бўлими мудири Мирзанозир ҚОРАБОЕВ
Савол: Айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзларни айтиб беринг?
Наманган шаҳар 3-оила поликлиникаси ходими А.Қаюмов
Жавоб: Меҳнат кодексининг XIV боби айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзларга бағишланган.
Унга асосан аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар берилади. Масалан, 224-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин. 225-моддасида Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир.
Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 239-моддасида Белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шартли белгиланган.
Белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади ва бундай рад этиш устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинадилар ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши керак.
Меҳнат кодексининг 248-моддасида ишлаб чиқаришда касбга доир таълим олаётган, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакасини ошираётган ёки таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб боришлари учун иш берувчи зарур шароитлар яратиб беришлари шартлиги кўрсатилган. Шунга ўхшаш бошқа кафолатлар ва имтиёзлар Меҳнат кодексида акс эттирилган.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси меҳнатни мухофаза қилиш бўлими мудири Мирзанозир ҚОРАБОЕВ
Укам кўп йиллардан бери полиартрит (бўғим суяклари шамолаши) касаллиги билан оғрийди. 2015 йилда укам ўзи ишлаётган корхона касаба уюшма қўмитасидан йўлланма олиб “Чимён” сиҳатгоҳида соғлигини тиклаб келган. Шу касаллиги туфайли 2016 йилда ҳам “Чимён” сиҳатгоҳига бориб соғлигини тиклаб келиш учун ўзи ишлаётган корхона касаба уюшма қўмитасидан имтиёзли йўлланма олиш мумкинми ?
Вилоят ғўза уруғчилиги бирлашмаси мутахассиси А.Тўйчибоев
Жавоб:
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2013 йил 26 январдаги 9-24-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни режалаштириш, чиқариш, тақсимлаш, сотиш, бериш, ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномани;
18-бандида, ходим ижтимоий суғурта ёки касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олишидан қатъий назар, унга икки йилда бир маротаба йўлланма берилиши;
35-бандида, шифокор ҳулосасига кўра санаторийда даволаниши жуда зарур бўлган ходимга, касаба уюшма ташкилотида йўлланма бор бўлган тақдирда, санаторий-курортлар йўлланмалари тўғрисидаги ҳисоботда (14-шакл, 2-илова) акс эттирилган ва ходимга берилган санаторий йўлланмалари рўйхатига (3-илова) киритилган ҳолда, санаторий йўлланмаси тўлиқ қийматига берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Ижтимоий суғурта бўлими мудири Д.Тухтабаев