МАВСУМ БОШЛАНМОҚДА!
- Янгиликлар
Ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми мазкур жараённинг ҳар бир иштирокчисига ўзгача масъулият юклайди. Зеро, беғубор болажонларнинг ёзи соз ўтиши, бир умрга муҳрлангулик хотираларга эга оромгоҳ шароитини яратиш катта масъулият, олий маънавий бурчдир.
Шу мақсадда Наманган вилоятидаги мавжуд оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш юзасидан жараён бошлаб юборилди.
Янгиқўрғон туманида жойлашган “Камалак” болалар оромгоҳида 2018 йил ёзги соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган тадбир ўтказилади.
Ўқув-семинарга вилоят мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари, шаҳар ва туманлар ёшлар сиёсати ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий масалалари бўйича ўринбосарлари, касаба уюшма вакиллари, халқ таълими бўлими мудирлари, тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари, маданият, спорт ишлари бўлими бошлиқлари, ДСЭНМ бўлими раҳбарлари, оромгоҳ ташкилотчилари ҳамда оромгоҳларда фаолият юритадиган ички ишлар, тиббиёт ходимлари таклиф этилади.
Жорий йилда вилоятда 8 та шаҳар ташқарисида жойлашган оромгоҳда (1-4 мавсумда 5650 нафар), 102 та кундузги (мактаблар қошида 1 мавсумда 11850 нафар) оромгоҳлар фаолият юритади ва уларда жами 17500 нафар болалар соғломлаштириш режалаштирилган.
Ўқув-семинар ўтказишдан асосий мақсад биринчи навбатда оромгоҳларни мавсумга тайёргарлиги, болаларни соғломлаштиришни кўнгилдагидек ташкил этиш, мавжуд бўлган муаммоларни ҳамкорлик билан ўз вақтида ҳал этишдан иборат. Зеро, шиддат билан ривожланиш, ҳар соҳада тараққиёт кечаётган даврда оромгоҳлар фаолиятига ҳам ўзгача ёндашув кириб келди. Энди оромгоҳларда (у хоҳ стационар, хоҳ кундузги бўлсин) боланинг жисмоний ҳордиқ чиқаришинигина эмас, маънавий кучга тўлиши, тафаккури кенгайишини мақсад этиб ишлаш талаб қилинмоқда. Жорий йилда оромгоҳда ишловчи кадрларга бўлган талабнинг кучаяётгани ҳам шундан. Тадбир оромгоҳларга жалб этиладиган ходимлар учун ўқув-семинар ўтказиш билан давом этади.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири