ЭЪТИБОРДАН МАМНУНМИЗ!!
- Янгиликлар
Дунёда тани сиҳатлик ва тинчлик-хотиржамликдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Тиббиётдаги шароит ва замон ривожлангани сари соҳада янгиликлар ва инсонларнинг тиббиёт соҳасига бўлган эҳтиёжи ривожланиб бормоқда. Хусусан, аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг натижадорлигини оширишда ҳамшираларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ҳар йили Халқаро ҳамширалар кунининг республикамизда ўзгача кўтаринкилик билан нишонланишида бу ютуқларнинг эътирофи ифодаланмоқда.
Наманган вилоятида ҳам касб байрами муносабати билан беш нафар ҳамширага “Умид гулшани” санаторийсида дам олишлари учун бепул йўлланма тақдим этилди.27 йилдан бери тиббиёт соҳасида хизмат қилиб келаман, — дейди Наманган шаҳар тиббиёт Бирлашмаси тизимидаги 6-оила поликлиникаси Бўстон филиали тегара ҳамшираси Навбаҳор Арифжанова. — Фаолиятимиз давомида аҳоли билан саломатлик профилактикаси борасида кўплаб суҳбатлар, тиббий кўриклар ўтказиб келмоқдамиз. Ҳудудимиздаги 212 хонадонда 290 оила истиқомат қилади. Улардаги 1061 нафар юртдошимизнинг соғлиғидан доимий равишда хабардор бўлиш, бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Чунки замонавий тиббиётда беморга ташхис қўйишда врачнинг иштироки билан бир қаторда ҳамшираларнинг иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса бизга ўзига хос шараф билан бир қаторда, масъулият ҳам юклаётир. Бизга туҳфа этилган бепул йўлланмалар ўз устимизда ишлаш, соҳанинг фидойиси сифатида кўпларга ўрнак бўлишимизда алоҳида аҳамият касб этади.
Дилшод ТЎХТАБОЕВ,
Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
Бирлашмаси ижтимоий суғурта бўлими мудири
Д.Раҳмонова тайёрлади.