КАМЛИК ЮЗИНИ КЎРМАНГ!
- Янгиликлар
“Инсон мукаммал фикрлаши билан бошқа жонзотлардан фарқ қилади” деган фикрни кўп эшитганмиз. Аммо инсонни инсон этгувчи жиҳат фақатгина ақл эмас. Агар шундай бўлганда, ақли ноқис одамларни ҳайвон санашимиз керакмиди? Аммо Яратганга минг шукрлар бўлсинки, инсоннинг кўксида юрак мавжуд, бошқача айтганда қалб. Угина бизнинг инсонийлигимизни белгиловчи ягона омилдир.
Акция баҳонасида йўлга чиққан Ёшлар бирлашмаси аъзоларини бир гуруҳ ёш касаба уюшма фаоллари Поп тумани остонасидаёқ қаршилаб, “Мурувват” ногиронлар учун эркаклар интернат уйига бошлаб боришди. Саришта, ҳамма ҳудудида саранжомлик ярқ этиб кўзга ташланувчи даргоҳни айланар, бу ердаги ногиронларни кузатар эканмиз, аввало, ишловчиларнинг матонати, фидойилигига таҳсин айтдик. Айнан ёшларнинг шундай масканларга ташрифи бежиз ташкил этилмаётганини англагандек ҳам бўлдик: зеро, тўрт мучанинг бутлиги, тафаккурнинг равшанлигини ҳис қилиш ҳам бахт, бу бахтнинг қийматини чуқур англаган ҳолда ҳар доим фидокорлик билан ишлаш, юқори марраларга интилиш эса чин инсонлик масъулиятимиздир.
- Мен ўзимни ногирон ҳисобламайман, - дейди болалар церебрал фалажи ташхиси билан бу ерга қабул қилинган Равшан Муҳитдинов. – Қўл-оёқнинг ишламаслиги бир синовдир, аммо ақлимиз ўзимизга бўйсинаётганига шукр қилишимиз, ҳар бир кунимиздан унумли фойдаланишимиз керак. Кимлардир ҳаётидан, ташвишлардан нолийди. Аммо ҳаётини тўғри ташкиллаштирган, режа билан иш қилган одамда чарчоқлар, беҳуда ўй-хаёллар бўлмайди. Масалан, мен ҳеч қачон шундай яратилганимдан афсусланмайман, тақдиримда борига шукр қиламан. Аммо ҳар кунимни янгиликлар билан бойитишга, телевизор кўриш, радио тинглаш, атрофдагилар билан суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. Телевизорда хориж ҳаётини кўриб, тинч ҳаётимиз учун, одамларига ғамхўр давлатимиз ривожи учун дуо қиламан. Шукронамиз Аллоҳга ҳам хуш келганиданми, муассасамизга яхши инсонлар тинимсиз келиб, биздан хабар олиб туришади. Хоналаримиз иссиқ, кўпида кондиционер ишлаб турибди, телевизорлар, ДВД аппаратлари бор. Бизга қаровчилар ҳам доимо кўнглимизга қарашади.
Равшанбекнинг хонасидан чиқар эканмиз, муассаса директори Моҳинисо Маърупова ҳақиқатдан ҳам охирги йилларда қатор ташкилотлар, хусусан, вилоят ҳокимлигининг ушбу даргоҳга эътибори юқори бўлаётганини таъкидлади. 2016-2017 йиллар давомида ҳомийлик маблағлари ҳисобидан тоза ичимлик суви келтирилди (232 млн. 603 минг сўм), иссиқлик тизими учун қозон ўрнатилди (233 774 667 сўм), 2-3-корпуслар таъмирланди (200 млн. сўм), ошхона томи ёпилди (60 млн. сўм), кийим-кечак учун (115 млн. 282 минг сўм), жорий таъмирлаш учун (370 млн. сўм) маблағ сарфланди.
Ушбу масканда врач, ҳамшира, кичик тиббиёт ходимларию ошпазлар, хўжалик ишчиларини қўшиб ҳисоблаганда, 155 нафар фидойи фаолият юритади.
- Дунё ташвишларидан безиб кетсанг, кўнглинг бу олам қувончу ғамларининг ўткинчилигидан ҳаловат топишини истасанг, мозорга бор, дейишади. Мен шу доно фикрга қўшимча қилиб айтган бўлардимки, ҳар кунингиз бир бахтлигини, саломатлигингиз минг-минг шукрларга арзишини ҳис этмоқчи бўлсангиз, шундай жойларга келинг, – дейди ВКУТБ ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Алихон Акрамов. – Нималарга қодирлигингизни ҳис этасиз, иложсизлик, тушкунлик бир зумда тарқайди. Ҳар оннинг, соғлиғу фикрлаш қувватининг қадрига етишни ўрганасиз. Поп туманидаги “Мурувват” ногиронлар учун эркаклар интернат уйи ҳамда Наманган шаҳридаги “Саховат” уйига мўлжаллаган бугунги ташрифларимизнинг ҳам моҳияти шунда.
Дарвоқе, “Мурувват” уйи 300 ўринга эга бўлиб, 18 ёшдан юқори эркакларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатади. Бу ерга узлуксиз давом этувчи руҳий асаб хасталиги оқибатида ишга яроқсиз, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 1- ҳамда 2-гуруҳ ногиронлари қабул қилинади. Муассасада айни пайтда шизофрения, олигофрения, эпилепсия, болалар церебрал фалажи каби хасталикларга чалинган 295 нафар нафар ногирон истиқомат қилмоқда.
Касаба уюшма совғаси сифатида ушбу масканга замонавий телевизор ҳамда гилам, “Саховат” уйи(истиқомат қилувчилар 20 нафар)га эса иккита гилам байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
* * *
Миллатимизнинг бағрикенглиги, меҳрибонлигидан шундай жойларда беихтиёр кўнглинг кўтарилади. Меҳрни ҳаммасидан устун қўйганимиз учун ҳам не-не замонларнинг талотўпидан омон ўтиб, ўзбек номини сақлаб келаётгандирмиз? Бугун бу юк бизнинг зиммамизда экан, кечагидан-да меҳрлироқ бўлишга ўзимизни масъул санайлик. Зеро, бу дунёда биздан сўнг фақатгина оқибат, меҳру муҳаббат қолгуси.
Дилдора РАҲМОНОВА,
“Ishonch” мухбири