МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ БИЛИМДОНЛАРИ ЭНДИ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИДА
- Янгиликлар
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жойларда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида халқаро ва миллий меҳнат стандартларининг моҳиятини тарғиб қилиш, шу орқали фаол фуқаролик позициясига эга авлодни тарбиялашга ҳисса қўшиш мақсадида жорий йилнинг июнь ойидан “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танлови ташкил этилди.
Икки босқичда ўтказилиши кўзда тутилган ушбу танловнинг саралаш босқичида иштирокчилар республика комиссияси томонидан тайёрланган Ўзбекистонда меҳнат қилиш ҳуқуқи, ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари, касаба уюшмалари фаолияти кафолатлари ва уларга аъзоликнинг афзалликлари, халқаро меҳнат стандартлари йўналишларида тузилган ва http://tanlov.yk.uz сайтида жойлаштирилган тест саволларига онлайн тарзда жавоб беришлари керак бўлади.
-Ушбу танловнинг саралаш босқичида энг юқори балл тўплаган 10 нафар ёшларимиз республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди, – дейди Вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмасининг юридик бўлими мудири Б. Раҳимбердиев. – Танловда ғолиб бўлганлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Энди улар республика босқичида ўз билимларини синаб кўришади.
Танлов Низомига кўра, республика босқичи барча ҳудудларда бир вақтда бошланади ва бир вақтда тамомланади. Бунда республика босқичининг ҳар бир иштирокчиси саралаш босқичида фойдаланган профили орқали сайтга кириши талаб этилади.
Республика босқичида ғолиб бўлган уч нафар иштирокчидан 1-ўриннни қўлга киритган иштирокчига республика ҳудудидаги ўқув марказларидан бирида учта фандан кўпи билан бир йиллик бепул ўқиш учун сертификат, 2-ўринни эгаллаган иштирокчига республика ҳудудидаги ўқув марказларидан бирида иккита фандан бепул ўқиш учун сертификат, 3-ўринни қўлга киритган иштирокчи республика ҳудудидаги ўқув марказларидан бирида битта фандан бепул ўқиш учун сертификатга эга бўлишади. Сертификат асосида ғолибларнинг ўқув марказида ўқиш харажатлари Федерация томнидан тўлиқ қоплаб берилади.
Танловнинг республика босқичида иштирокчиларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Орзугул Рустамова,
Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси.