Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилоят кенгаши расмий сайти
Тел.: 0369 227-21-33
Манзил: 716000 Наманган шахри,
Озодлик кўчаси 14 уй

Бахтга ошён диёрда тўйболалар кулгуси жарангламоқда

 

Халқимизда эзгу одат, гўзал анъаналар кўп. Дастурхон бошида дуога қўл очар экан, «Топган-тутганимиз тўйларга буюрсин!» дея ният қилади. Дарҳақиқат, тўй яхшиликлар даракчиси, оқибат ва бирдамлик рамзидир. Одамнинг яхшиси тўй кунида синалади, бу чоғда бағрикенглик, саховат туйғулари синовдан ўтади. Касаба уюшмалари бошчилигида ўтказилаётган суннат тўйларини кузатар эканмиз, бу фикрларнинг нақадар тўғрилигига яна бир бор амин бўлдик. Наманган вилояти бўйича ўтказилиши кўзда тутилган 285 нафар тўйболанинг суннат тўйи алоҳида тайёргарлик, кайфият ва ҳамфикрлик остида кечмоқда. Норин туманининг «Бек» тантаналар мажмуида эътибор ва кўмакка муҳтож оилаларнинг 44 нафар болажонига ана шундай тўй тантанаси ташкил этилди.

Бошдан оёқ бир хил кийинтирилган тўйболаларга костюм-шиму дўппилар ниҳоятда ярашганини кўрган нуронийлар: «Илойим, бу болаларнинг бахти ҳам мана шундай қўша-қўша бўлсин, ўзлари ҳамиша улуғ инсонлар назаридаги, шундай эътиборга муносиб, эл-юрт учун керакли одам бўлишсин!» дея дуо қилишди.

Қалдирғочдек тизилган болажонлар вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Х.Бозоров ҳамда бир гуруҳ фахрийларнинг қўлидан тутганча, тантаналар залига кириб келишди. Самимий табрик, дилрабо куй-қўшиқлар янграб, болажонларга касаба уюшмаларининг ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг совғалари улашилди.

Ўйин-кулгу, шодонлик авжга чиққан чоғда бахтиёр оналардан бир нечтасини суҳбатга тортдик.

Икки нафар ўғлини бир ўзи тарбиялаётган Зилола Каримова шундай дейди:

– Бугун катта ўғлим Ғайратжон Неъматиллаев ҳам мана шу тўйболалар сафида. Эндигина ўттиз баҳорни қаршилаган бўлишимга қарамай, ҳаёт бардошимни кўп бора синади, одамларнинг яхши-ёмонига дуч келтириб, сабримни обдон тоблади. Мен каби инсон арзимаган меҳрга, далдага ҳамиша муҳтожлик сезишини атрофдагилар яхши тушунишади. Маҳалламиздаги раис ва маслаҳатчи менга «Зилола, давлатимиз ташаббуси билан шундай тўй ташкил этиляпти, катта ўғлингни шу рўйхатга қўшяпмиз», дейишганида эътироз билдирдим. «Худонинг менга атаган яхши кунлари олдинда. Иккала ўғлимни ҳам тўй қилиш насиб қилар, ўзим тўй қилмасам, боламнинг кўнгли ўксийди. Қолаверса, кўпчиликнинг ичида бўладиган тўй бўлса, ортимдан сеп қилиб борадиган, тоғора тўлдириб, дастурхон ясатадиган онам бўлмаса, уятда қоламан, керакмас», дедим. Аммо бу тўйнинг мақсади, боланинг бугуни ва эртасини ўйлаб амалга оширилаётган ишларни кенг тушунтириб беришгач, ғамхўрликнинг моҳиятини англаб етдим. Хозир болаларимизга бир миллион сўм маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди. Улар ўн саккизга киргунга қадар бу пул кўпайиб бораверади. Ўғлим коллежни битириб тадбиркорлик қилмоқчи бўлса, бошланғич сармоя сифатида ишлатиши мумкин. Ёки олий таълимда ўқишни давом эттиришни истаса, ишлатиши ёки шартнома пулини тўлаши учун каттагина маблағ бўлиб шаклланади бу пул. Қолаверса, китоблар сов-а қилишдики, Ғайратжонимга ҳаммасидан кўра шу совға ёққанига ишонаман. Касаба уюшмалари яна пар кўрпа, спорт кийими, кроссовка, футболка, камар, сумка, кўйлак каби қучоққа сиғмас совғалар қилишди. Бу каби эътибор, ғамхўрлик, сахийлик учун минг бора раҳмат. Бу каби фидойи инсонларнинг меҳнати ажрини Яратганнинг ўзи берсин.

Иккинчи суҳбатдошимиз тўйбола Шукрулло Телмоновнинг онаси Дилфуза Каримова ўз таассуротларини шундай ўртоқлашди:

– Шукрулло ўғлим 21 кунлигида дадаси автоҳалокатга учраб, икки нафар фарзандни тарбиялашда ёлғизланиб қолдим. Хозирда биринчи гурух ногирони бўлган онамнинг парвариши билан бандман. Тирикчилигимизга томорқамиз чиқаётган ҳосил бемалол етиб турибди. Бугунгидек тўйни ўтказиш унча-мунча одамнинг қўлидан келмаслигини кўриб турибсиз. Дастурхоннинг тўкинлиги, совғаларнинг кўплигини қаранг. Болаларимиз жонли қўғирчоқлар билан маза қилиб рақсга тушишмоқда. Бу каби тантанада ташкилотчилик қилган барча-барчага раҳмат.

Бу каби миннатдорчилик изҳорларини ҳаяжонга лиммо-лим қалблардан вилоятнинг барча туманларида давом этаётган суннат тўйларида эшитиш мумкин. Демакки, халқ рози, яшашидан, ўтаётган кунидан бахт туяётган инсонлар сафи янада кенгаймоқда.

 

 

Дилдора РАҲМОНОВА,

Ishonch мухбири

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!